11.08.2023 11:58
2458
Теглар
Август...

— Қўй, ўғлим, ёнимда ўтир, Бахтиёр ўқишдан келса, ўзи ташиб қўяр.

Роҳат ая шундай деб, ўғлини олдига чақирди. Лекин ёшларга гап уқтириб бўлармиди, Олимжон кийимларини ечди-да, машинада келган ўтинни ҳовлига таший бошлади. Ўзи асосан сафарларда юриб, онасига тузукроқ қараша олмайди, укасиям балки чарчаб келар.

Чилла чиққани билан, ҳаво ҳали иссиқ, Олимжон бир пасда терга ботди. Лекин ишни охиригача битириб, онасининг олдига келиб ўтирди.

— Ойи, эртага кетяпман.

— Биламан, болам. Шунга дийдорингга тўйиб олай деяпман-да..

— Қизиқсиз-а, янгиликми бу, уч кунда қайтиб келаман-ку? Менга-ку шунчалик, эртага Бахтиёр ҳам орқамдан кетса, қандай чидаркинсиз?— ўғил шундай деб кулди-да, ойисининг тиззасига бош қўйди.

— Соғинаман-да…

— Бориб келай, биратўла, уч-тўрт кунда келаман, бўптими?

— Йўқ, сен хотинингнинг ёнида бўлиб тур, ўзи яхши қилибсан, бугун олиб келмай. Иссиқда уйдан чиқмай тургани ҳам яхши.

Аянинг хаёли бирдан келинига кетди: «ой-куни яқин, ишқилиб эсон-омон қутулиб олсин-да...»

Олимжон ювиниб чиқиб, ойисининг дуосини олди-да, машинага чиқди. Бироз узоқлашгач, худди бир нима эсдан чиққандек, машинани тўхтатиб, қайтди. Қайтадан хайрлашди.

***

Аҳмад ака ўғлини қаттиқ қучди. Ҳали йигирмага кирмади, яқинда бутун қишлоқнинг фахри бўлиб кетади бу бола. Олийгоҳга кирди. Ҳа энди, биздан ҳам чиқсин-да, бир машҳур инсон.

— Шошманг, дада, ҳали яна битта имтиҳоним бор. Бир ойдан кейин бўларкан.

— Рухсат беришармикин, тайёрланишга?

— Беришади. Менга шунинг учун бир ойлик таътил беришди.

— Зўр-ку, унда кетдик, буёғи осон кўчибди. Сени устозларингдан сўраб, олиб кетгани келувдим. Қишлоққа борамиз, тўйни ўтказиб, бироз дам оласан, кейин қайтиб келаверасан.

— Йўқ, мен таътилга рози бўлмадим. Индинга учишимиз керак.

— Ие, ўша куни тўй-ку, ўтказиб, кейин кетсанг бўлмайдими? Мен ўзим рухсат сўраб бераман.

Ўғил индамади. Аҳмад ака устозлар билан учрашди, ўғли ҳақида илиқ гаплар эшитди, яна хурсанд бўлди. Ниҳоят унга яна бир кун Тортувлига бориб келишга рухсат беришди. Бир кун ўтиб, кейинги гуруҳ билан учаверар экан. Ўша кунга ўғлини етказиб келса, кифоя.

Жавоб текканини билгач, ўғил ҳам кўзлари чақнаб кетди. Ҳа, таътилдан воз кечибди, ҳам шуғулланиб, ҳам имтиҳонга тайёрланаман, дебди-ю, лекин бир кунга жавоб текканидан, ўзида йўқ хурсанд, барибир бола-да, бола...

***

Сўнгги пайтларда хотини жуда инжиқ бўлиб қолган. Ҳомиладорлигидан деса, биринчи фарзанди туғилишида бунақа бўлмаганди. Ёш болага ўхшайди, гап тушунмайди.

— Жоним, илтимос, шу сафар кетмагин.

— Қизиқмисан? Ўлимга кетяпманми, қайтаман-ку икки кунда?

— Бормасанг нима бўлади?

— Иложи йўқ. Ўзинг тушунасан-ку, менсиз қийналишади. Кейин нима баҳона қиламан, хотиним қўймади, дейманми, — кулиб, вазиятни ҳазилга олмоқчи бўлди.

— Касал бўлиб қолдим, де…

— Қўй, энди, менга қарагин, икки кун. Икки кунда қайтаман.

Худди хотини сўзни тушунмаётгандек, қўли билан «икки» ишорасини қилди ва пешонасидан ўпиб қўйди.

— Кўнглимни бузмагин, хаёлим сенда қолади бўлмаса. Ўзинг ақллисан-ку. Бир марта кулгин.

Жавоб бўлмади. Барибир таъсир қилмаслигини билиб, ўрнидан турди, кийинди. Ташқарига чиқиб, йўлнинг нариги томонига ўтди ва машина кута бошлади. Ҳар доимгидек, беихтиёр уйи томонга қаради. Хотини деразадан уни кузатиб турибди, қўлини силкитиб, хайрлашяпти.

У яна бояги каби, қўли билан «икки» ишорасини кўрсатди ва эшитилмаса-да, «икки кунда қайтаман» деди. Хотини кулиб юборди. Ғубор тарқади. Икки кунда қайтади.

***

Ота-ўғил узоқ вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Бир вақт қарашса, тунги соат икки бўлибди.

— Тур, энди, ўғлим. Кириб ёт, ахир вақтли аэропортга боришинг керак.

— Қўйинг, дада, ўзи шундоғам кам кўришяпмиз. Самолётда ҳам ухлаб кетавераман.

Яна узоқ ўтиришди. Уруш йилларида бир қўлидан айрилган ота ўғлидан фахрланади — жуда яхши шогирд бўлиб чиқди, унинг касбини танлади, армонларини ҳақиқатга айлантирди. «Ана, фалончининг отаси», деб алоҳида ҳурмат кўрсатишганида, янаям хурсанд бўлиб кетади.

***

Аллани тинчлантириб бўлмади. Анчадан буён ёмон туш кўраётганини айтади, йўқ жойдан хавотир чиқаради.

— Сен тушунмайсан, тушимга неча марта ойим киряптилар. Ўлганлар тушга кираверса, кимнидир олиб кетар экан. Эшитганман.

— Бўлмаган гап-е, шунга ишониб юрибсанми?

Доим шунақа деб юпатади-ю, янги гап айтолмайди. Ваҳима эса, давом этаверади. Аслида, бу ёздан умидлари катта эди. Яна фарзанд кўришмоқчи. Лекин аввал Алла тўлиқ соғлиғини тиклаб, даволаниб олиши керак.

Иссиқкўлга путёвка чиқиб қолгани айни муддао бўлди. У шерикларининг хотинларига қўшиб, Аллани ҳам жўнатиб юборди. Кўпинча уйда бўлмайди, диққинафас бўлиб, бунинг устига, ёмон нарсаларни ўйлаб юриш ўрнига, ёзилиб, дам олиб келади.

Қаёқда! Кетганига бир ҳафтадан ошса ҳамки, ҳар куни қўнғироқ. Тинчмисан, нима единг, қаерга бординг, деб сўрайверади, яна эски хавотирини қўзғайди. Мана, аэропортга келибоқ, ҳаммаси жойида эканини, бир соатлардан кейин учишларини айтиш учун телефон қилди — яна ўша гап. Кечаси ухламапти, яна ваҳима хаёллар билан тонг оттирибди. Рафиқасининг овозини эшитган бўлса-да, кўнглини қанақадир тушунарсиз ғашлик эгаллади. Юқди, шекилли. Йигитлар ҳам тезда кела қолишмади, сал чалғирмиди...

***

— Ие, ўртоқ Профессор, тинчликми, сиз ҳам боряпсизми?

Уни ҳамма «профессор» деб чақирарди. Кириб келганида, йигитлар қарсак чалиб юборишди. Аммо, костюм-шим кийиб олган, сумкаси йўқ, унинг ҳеч қаерга отланмаётганини пайқаш қийин эмасди.

— Сизларни кузатгани чиқдим. Ҳали рухсат йўқ.

— Юравер, айланиб келасан. Томоша қиласан, ўзимиз эплаймиз.

— Йўғ-е, билетим ҳам йўқ, айтдим-ку, кузатгани чиқдим.

Худди гап фақат билетда бўлганидек, масала жиддийлаша бошлади. Толя ҳам касал бўлиб қолиб, кела олмаганди, демак битта ўрин бор.

— Мансур акага айтамиз, дарров алмаштириб беради, нимаям қилардинг барибир бу ерда. Юр.

«Профессор» энди баҳона топа олмай қолди. Барибир бировнинг ўрнига учмайди-ку, айтишаверади-да. Йўқ, Мансур акаям анойи эмас экан, дарров масалани ҳал қилиб келди — энди у ҳам бирга учади. Уйдагиларни огоҳлантириб қўйиши керак.

— Уйдагилар билмайди.

— Ҳув анови ерда телефон бор, Дима акангга қўнғироқ қилиб, айтиб қўясан, бўлди. Мен ҳозир хотиним билан гаплашдим — деди йигитлардан бири. Уни Макар деб чақиришарди.

— Нима гап, тинч эканми? Алла билан гаплашдингми?

— Ҳа, тинч — ўрнига хомуш чўкди Макаров, — ўша гап, хавотир оляпти. Мен уни даволансин деб жўнатсам, бадтар бўлади шекилли.

— Эҳ-ҳе, ҳали бу бошланиши, эртага ҳомиладор бўлса кўрасан, — деб кулди Саша, — мана мен, уйдан зўрға чиқиб келдим.

Володя кириб келди. Улар ҳар куни бирга бўлсалар-да, қучоқлашиб кўришишарди. Ҳамма унга пешвоз чиқди. Олим, Серёжа, Равил, Костя, Коля, Шуҳрат...

— Сал қолса, кечга қолардим-а. Яхшиям дадамникида эдим, бир амаллаб уйғотиб олди.

— Сен-ку, майли, Толя келолмади, ўрнига Миша учяпти.

— Зўр-ку!

Бирданига ҳамманинг кўзи, чеккада ийманиб турган болага тушди.

— Отинг нимайди?

— Сирож…

— Нега биз билансан?

— Болалар кеча кетган. Қариндошимникида тўй эди. Рухсат сўрагандим. Сизлар билан кетишга изн беришди.

— Менга қара, ука, унақаси йўқ. Рухсат сўрадингми, тўйми, йўқми, мен билмайман, биз билан учяпсанми, демак эртага биз билан майдонга тушиб, учта гол урмасанг, ўзингдан кўр.

«Қария» Юра шунақа жиддий гапирди-ки, Сирож аввал қўрқиб кетди. Ҳазил давом этиши учун бошқалар ҳам жим бўлиб, нима дейишни билмай довдираб турган болага тикилиб туришарди. Сокинликни радиоузелдан келган овоз бузди.

Тақдир аэропорт сухандонининг овози билан ўн етти, ва яна олтмиш етти орзуни парвозга чорлади:

«Диққат, диққат! Тошкент–Гурьев–Донецк–Минск йўналишидаги Ту-134А самолёти 7880-рейсга пассажирларни қабул қилишни бошлайди...»

Қаҳрамон Асланов 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар