02.05.2019 13:01
10625
Теглар
Месси «Ливерпуль»ни йўлдан олди. У ваъдасини бажармоқда

«Барселона» Чемпионлар лигасининг яримфиналидаги илк ўйинда «Ливерпуль»ни мағлуб этди (3:0). Лионель Месси дублни расмийлаштирли ва каталонлар клубидаги голлари сонини 600тага етказди. Бу голлар каталонияликлар учун деярли финал йўлланмасини кафолатлади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин 
«Барселона» (Испания) – «Ливерпуль» (Англия) – 3:0 (1:0) 
Голлар: Суарес, 26 (1:0). Месси, 75 (2:0). Месси, 82 (3:0).
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто (Аленья, 90+4), Лангле, Пике, Жорди Альба, Ракитич, Бускетс, Видаль, Месси, Суарес (Дембеле, 90+3), Коутиньо (Семеду, 60).
«Ливерпуль»: Алиссон, Гомес, Матип, ван Дейк, Робертсон, Фабиньо, Кейта (Ҳендерсон, 24), Милнер (Ориги, 85), Салоҳ, Мане, Вайналдум (Роберто Фирминьо, 78). 
Огоҳлантиришлар: Лангле, 39. Фабинью, 81. Суарес, 81. Жорди Альба, 86. 
Ҳакам: Кайперс (Нидерландия).
1 май. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.
Жавоб ўйини – 7 май.

Мессининг биринчи голи
Бу ўйиндан олдин барча Месси у «Барселона» сафидаги илк голини роппа-роса 14 йил муқаддам, 2005 йилнинг 1 майида урганини ёдга олди. «Альбасете» билан ўйинда у Роналдиньонинг пасидан кейин бразилиялик футболчининг елкасига чиқиб дебют голини нишонлаганди. 14 йил ўтиб аргентиналик футболчининг кўк-анорранглилар либосида урган голлари сони 598тани ташкил этиб турганди. У яна икки гол билан юбилей натижага етиши мумкин эди - бу ишни «Ливерпуль»га қарши ўйиндаёқ амалга оширишни аҳд қилди.

Эҳтиёткор таркиблар
Икки жамоа бош мураббийи ҳам ўйинга эҳтиёткорлик билан таркиб танлади. «Барселона»да майдон марказида Артур Рамос ўрнини Артуро Видаль эгаллади. Чилилик футболчи рақиб жамоа ҳужумларини бузишда фойдали бўлди, кўпчилик Вальверде «Ливерпуль»нинг собиқ ҳавбекини захирада қолдириб, унинг ўрнига Усмон Дембелени туширишини кутганди - лекин бразилиялик футболчи собиқ жамоадошларига қарши ўйинни бошланғич таркибда бошлади. Меҳмонларда эса ўнг қанотни ҳимоя қилишга ҳужумкор ҳимоячи Александр-Арнольд ўрнига Гомес юборилди. Декабрь ойидан буён асосий таркибдан ўрин олмай қўйган Гомес Коутиньога қарши персонал ҳаракат қилиши лозим эди. Клопп жароҳатидан тиклана олмаган Фирминьони захирада қолдиришга мажбур эди, бу эса Шақирини майдонга ташлашга имкон берарди, лекин германиялик мутахассис Вейналдумни танлади. У Деян Ловрен ва Жордан Ҳендерсонни ҳам захирада қолдирди.

Икки «пенальти» ва жароҳат
Меҳмонлар илк дақиқаларданоқ олдинга ташланишди - «Ливерпуль» футболчилари ҳужумда ўзига ишонган ҳолда ҳаракатланишди, каталонлар эса барчани ҳайрон қолдирган ҳолда ҳимояда ўйнашга мажбур бўлишди.

Умуман олганда, биринчи бўлимда тенг футбол кўрдик. Буни статистика ҳам тасдиқлайди: тўплар нисбати - 52 фоизга 48 фоиз, зарбалар бериш бўйича кўрсаткич - 5:6 (аниқ зарбалар бўйича 2:0). Биринчи бўлимдаги энг ёдда қоларли вазиятлар икки жамоа жарима майдонида биттадан баҳсли вазият бўлиши бўлди. Аввалига Садио Мане Жерар Пике билан тўп учун курашда газонга қулади ва пенальти сўради. Бошқа вазиятда эса Жоэл Матип Лионель Мессини тўхтатишга уринганида қўли билан тўпга ўйнади. Икки ҳолатда ҳам ҳакам ва видеоёрдамчилар ўйинни бузиб қўймаслик учун пенальти қўймасликка қарор қилишди. 

Бундан ташқари, яримфиналнинг иккинчи ўйинида ҳам илк бўлимдаёқ мажбурий ўзгартириш амалга оширилди («Тоттенҳэм» - «Аякс» ўйинида мезбонлар ҳимоячиси Томас Фертонген 31-дақиқада майдонни тарк этишга мажбур бўлганди), «Камп Ноу»даги ўйиннинг 24-дақиқасида Иван Ракитич билан тўқнашувдан кейин Набиль Кейта ўйинни давом эттира олмади.

Суарес «Ливерпуль»га гол уриб уни нишонлади

«Барса» рақиб ҳужумларига кутилганидан камроқ жавоб қайтарди. Агар Луис Суарес собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этмаганида биринчи бўлимни «Ливерпуль» ҳисобига ёзса бўларди. 15-дақиқада Месси тўп билан олдинга борди, уни имкон қадар тўхтатишди, бу вазиятда 4-5 ҳимоячи уни тўхтатиш билан андармон бўлди, ван Дейк уни ортдан томоша қилиш билан кифояланган бўлсада, Фабиньо ва Милнер уни қаттиқ қарши олишди, аммо бу ҳужум барибир зарба бериш билан якунланди - Коутиньонинг зарбасини Алиссон ушлаб олди.

Аммо барибир кўк-анорранглилар мақсадга эришишди, голли ҳужумни собиқ ливерпулчилар ташкиллаштиришди: Кейта чиқиб кетганидан кейин уюштирилган ҳужум вақтида Коутиньо Альбани тўп билан таъминлади, у эса жарима майдонига ёриб кирган Суаресни топди - уругвайлик ҳужумчи сифатли пасга оёқ қўйиши кифоя қилди - тўп Алиссонинг ёнидан ўтиб, дарвозадан жой олди. Бу Суареснинг жорий ЕЧЛдаги илк голи эди. У собиқ жамоасига урган голини худди жаҳон чемпионати финалида гол урган каби нишонлади - лекин у огоҳлантирганди. «Мен «Ливерпуль»дан барчаси учун миннатдорман. Лекин мени биласизлар, майдонга чиққанимда дўстлик унутилади, собиқ жамоадошлар ва ёқимли хотиралар бир четга суриб турилади», деганди у ўйиндан олдин.

Виржийл ван Дейк нафақат Англиянинг, балки жаҳоннинг энг яхши марказий ҳимоячиси бўлиши мумкин, аммо бу вазиятда Матипнинг бўш қолган жойини айнан у ёпиши керак эди, гол урилган вазиятда барча жамоадошлари айнан нидерландиялик ҳимоячига ярқ этиб қарашди.

Тер Штеген - космос
Ўтказиб юборилган голдан кейин «Ливерпуль» янада ҳужумкор ўйнади. Клопп шогирдлари иккинчи бўлимни ҳисобдаги устунлик билан бошлаши ҳам мумкин эди - агар рақиб дарвозасида Марк-Андре тер Штеген турмаганида. 

Биринчи бўлим якуни шиддатли кечди, аммо Мане рақиб дарвозаси қаршисида туриб, тўпни дарвоза тўсинидан юқорига тепди, Милнер ва Салоҳнинг кучли зарбаларини тер Штеген қайтарди. Германиялик дарвозабон танаффусдан кейин ҳам асосий қаҳрамонга айланди - 59-дақиқада у Милнер яқин масофадан туриб зарба беришга чоғланганида тўпни эгаллаб олди. Кўринишидан у ўйиндан-ўйинга, ўз дарвозасига йўлланган ҳар зарбадан кейин маҳоратини ошириб бормоқда.

599

«Барселона» аста-секин рақибни ўз жарима майдони атрофидан узоқлаштиришга киришди. Бунга қисман Суаресдан фарқли равишда собиқ жамоадошлари дарвозасига гол уролмаган Коутиньо ўйиндан олиниб, ўрнига Самеду туширилиши ҳам сабаб бўлди. Видаль янада фойдалироқ ўйин кўрсата бошлади, у гоҳ ўнг қанотда, гоҳ чап қанотда рақиб ҳужумларини тўхтатиб қолди. Қолгани эса Мессига қўйиб берилди.

Ўйиннинг 75-дақиқасида «Барселона» хавфли ҳужум уюштирди, бу жамоанинг иккинчи бўлимдаги илк ҳужуми эди - Роберто рақиб жарима майдонида тўп учун курашда ғолиб келиб, Суаресни қулай вазиятга чиқарди, уругвайлик футболчининг зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди, Месси эса уни осонлик билан бўш дарвозага жойлади - Мессини қўриқлаши керак бўлган ван Дейк ҳақиқий томошабин вазифасида.

Бу аргентиналик футболчининг кўк-аноранглилар сафидаги 599-голи бўлди. 2:0 - бу Мадрид учун чипталарни буюртма қилишни бошлаш мумкин дегани.

600

Масала бир неча дақиқа ўтиб ойдинлашди - Месси юбилей голини уриш учун тўпни нуқтага ўрнатди - ҳа у учун жарима зарбаси пенальти деганидир. У бу сафар ҳам Алиссон ва «Ливерпуль»ни имконсиз қолдириб, тўпни дарвозанинг юқори «тўққизлиги»га жойлаштирди.

Меҳмонлар жавоб голи уришга ҳаракат қилишди, тезлик билан уюштирилган ҳужумда Фирминьо бўш дарвозага йўллаган тўпни Ракитич қайтариб юборди, Салоҳ қайтган тўпга зарба бериб ҳисобни қисқартириши мумкин эди, аммо у 5-7 метр масофадан йўллаган тўп устундан қайтди, ҳа у чап оёқда эмас, ўнг оёқда тепганди.

Ўз навбатида, «Барса» ҳам тўртинчи голни уришга яқин келди. Қолган дақиқаларда таблодаги ҳисоб ўзгармади ва каталонлар жавоб ўйинидан олдин финал учун жуда зўр имконият ҳосил қилишди. Жавоб ўйинида ҳам вазият ўзгармаса, каталонияликлар сўнгги 4 йил ичида илк марта финалга чиқишади. Юрген Клоппда уларни тўхтатиш учун нимадир ўйлаб топишга бир ҳафта вақт бор, «Ливерпуль» футболчиларида эса яна икки бўлим.

Мессининг ваъдаси
Ўтган йилнинг августида, мавсум бошланишидаги илк ўйин арафасида «Барселона» сардори «Камп Ноу»га йиғилган мухлислар қаршисида нутқ ирод қилган ва жамоа бу мавсум Чемпионлар лигаси кубогини Каталонияга қайтаришига ваъда берганди.

«Ўтган мавсумда биз Испания Кубогини ва олтин медалларни қўлга киритдик. Аммо бизда Чемпионлар лигасида якунига етмай қолган иш бор. Ваъда қиламанки, совринни стадионимизга қайтариш учун барча ишни қиламан», деганди у ўшанди.

Лео гапида турадиган одам. У жуда кам интервью беради, омма билан жуда кам мулоқот қилади, кам ваъда беради. Аввал ҳам 4 марта бу совринни қўлга киритган буюк форвардни ўтган мавсумда «Рома»га қарши ўйинлар натижаси (уйдаги 4:1дан кейин сафардаги 0:3) қаттиқ ғазаблантирганди. Энди у жимгина рекорд ортидан рекорд ўрнатиб, бош соврин сари бормоқда. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар