Гвардиола ёзда кимлардан воз кечиши мумкин?

Англия 20 Март 2017 6267

Ўтган ҳафтада ёзги трансферлар вақтида «Манчестер Сити»ни 17 нафар футболчи тарк этиши ҳақида хабар берилди. Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола кўп ўтмасдан бу хабарга муносабат билдириб чиқди ва жамоа шунча футболчидан воз кечиши имконсиз иш эканини айтди. Бундан тахмин қилиш мумкинки, у 17 нафар футболчидан бўлмасада, бир қанча футболчидан воз кечади. Қуйида ушбу вазиятга атрофлича баҳо берилган.

Хосеп Гвардиоланинг Англиядаги биринчи мавсуми ҳалокатли кечмади, аммо кутилганидек ҳам эмас:

1) Ҳали «Манчестер Сити» АПЛда кучли тўртликдаги ўринни ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини кафолатламади;

2) Англия Кубоги – жамоа бу мавсумда қўлга киритиши мумкин бўлган ягона соврин бўлиб қолмоқда, жамоа ҳозирча ярим финалда ва жамоани «Арсенал» кутиб турибди;

3) Жамоа таркибида ўтган ёзда бошланган ўзгаришлар ҳамон давом этмоқда ва жамоа қуриб бўлинмади.

Гвардиола ўтган ёздаёқ таркибда тозалаш ишларини олиб бориши кутилганди, аммо у 170 млн фунтлик харидларни амалга оширдию, деярли ҳеч кимни сотмади. Олдиндаги ёзда у шу ишни қилиши керак бўлади.

Қуйидаги футболчиларни янги мавсумда Манчестерда кўрмаслигимиз мумкин.

Серхио Агуэро

Бу факт эмас, аммо Агуэро учун бу жамоадаги охирги мавсум экани ҳақида кўпчилик гапирмоқда. Аргентиналик мегафорварднинг Гвардиола билан муносабатлари жойида эмас: улар баъзан қучоқлашиб кўришади, аммо баъзида мураббий уни захира ўриндиғига михлаб қўяди. Январда жамоага Жезус келиб қўшилгач, айнан шундай бўлди, агар у жароҳат олиб узоқ вақтга сафдан чиққанида Агуэро мавсум охирига қадар захира ўриндиғида қолиши ҳам мумкин эди. Агуэро ўйинини ўзгартирди, пас бериб ўйнашни ўрганди, аммо у барибир Гвардиоланинг схемаларида ортиқча фигурага айланиб қолавермоқда. Бу ҳолатдан фойдаланишга тайёр жамоалар бир қатор ва улар орасида «Реал» ҳам бор.

Яя Туре

Ушбу тажрибали футболчининг агенти Дмитрий Селюк Гвардиола келганидаёқ можаро бошлаган, натижада унинг мижози захирага михланганди. Футболчи агентининг сўзлари учун узр сўрагач, мураббий унга таркибдан жой бера бошлади. Аммо ўтган ҳафтада агент Туре учун талабгорлар жамоаларнинг таклифларини кўриб чиқиши ҳақида маълум қилгач, кўп нарса ойдинлашди.  Вақт келган, шартнома муддати тугамоқда ва узайтирилмаяпти. Туре энди аввалгидек кучга тўла эмас ва Англия чемпионати шиддатига дош бера олмай қолмоқда. Уни «МЮ» сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан.

Венсан Компани

Ушбу футболчини футбол мухлислари унута бормоқда. Жароҳатлар ушбу бельгиялик футболчига мавсум давомида ўйинларда иштирок этишга имкон бермади. У жароҳатдан фориғ бўлганида ҳам ўйин қайдномасига киритилмаслиги одатий ҳолатга айланган.

Сабалета, Санья, Клиши

Айни вақтда жамоа чап қаноатида Коларов ва Клиши, ўнг қанотида Санья ва Сабалета ҳаракатланмоқда. Аммо уларнинг фақат бири - марказий ҳимояда ҳам ўйнай олиши мумкин бўлган Александр Коларов қолиши мумкин. Қолган 3 футболчи эса ўзига янги жамоа қидиришни бошлаши мумкин. Гвардиола қанотларга янги футболчилар сотиб олмоқчи. Ўз вақтида «Арсенал»дан сотиб олинган Санья ва Клишининг кетиши муаммо бўлмаслиги мумкин, аммо 9 йилдан буён жамоа рамзига айланган Сабалетанинг кетиши жамоа мухлисларини қайғуга солиши мумкин.

Хесус Навас

Мануэль Пеллегрини томонидан олиб келинган ва жамоанинг энг заиф нуқталаридан бирига айланган ушбу футболчи билан шартнома узайтирилмайди. У ўзини бу мавсумда ҳам кўрсата олмади ва у жамоа билан хайрлашиши мумкин.

Ҳарт, Насри, Мангаля, Бони, Денайер

Бу футболчиларни Гвардиола ўтган мавсумда ижарага берганди. Аммо у бу футболчиларни 1 йил ўтиб қайтаришга ваъда бермаган. Фақат ёш Денайер истисно бўлиши мумкин. Ҳарт «Торино»да ўзини яхши томондан кўрсата олди ва унга Англиядан янги клуб топиш муаммо бўлмайди. Насри ҳам «Севилья»да яхши ўйнаб кетди ва унга Европада иш топилади, Мангалянинг вазияти оғирроқ, у бечораҳол аҳволга тушган «Валенсия»га ёрдам бера олмаяпти, Вилфрид Бони «Сток Сити»да қария Краучга рақобат қила олмаяпти ва уни энди Хитой чемпионати кутмоқда.

Кабальеро, Фернандо, Делф, Ихеначо

Бу футболчилар доимий ўйин амалиётига эга бўлиши керак бўлган истеъдодли футболчилар. Аммо «Сити»да бунинг имкони йўқ.

«Манчестер Сити» сотиб олмоқчи бўлаётган футболчилар қаторида Мораеш, Киммих, Роуз, Лапорт, Алексис Санчес, Дани Алвес, Бонуччи, Бельерин ва «Монако» футболчилари номлари санаб ўтилмоқда.

Манба: Sports.ru 

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: