Месси ва Роналду бўлмаганда: Охирги 9 йилда «Олтин тўп» олиши мумкин бўлган яна 7 футболчи

Футбол PLUS 11 Январ 2017 8178

Роналду ва Месси бўлмаса “Олтин тўп” кимга берилган бўларди? 

Торрес, Иньеста, Нойер, Рибери – уларнинг барчаси футболда шахсий совринсиз қолишди. Бунга эса фақатгина битта сабаб бор: улар Роналду ва Месси билан бир вақтда тўп суришди.

2008, Фернандо Торрес («Ливерпуль»)

Криштиану Роналду 9 йил аввал “Олтин тўп” учун овоз беришда рекорд ўрнатди: португалияликни тарихда илк бор овоз беришда қатнашганларнинг барчаси кучли учликка киритди. Роналду “МЮ”да фантастик мавсум ўтказди ва энг яхши ўйинчи совринини ҳақли равишда қўлга киритди. Иккинчи ўрин Мессига насиб этган бўлса, учинчи поғонадан “Ливерпуль” ҳужумчиси Фернандо Торрес жой олди. Испаниялик Англия премьер-лигасида 24 та тўп киритиб, қизилларнинг мавсумдаги энг яхши тўпурарига айланди. Бундан ташқари, Торрес Евро-2008да ҳам ажойиб ўйин кўрсатиб, немислар дарвозасига ғалаба тўпини киритди. Торреснинг истеъдоди бир йил ўтиб аста-секинлик билан сўна бошлади.

2009, Хави («Барселона»)

“Барса” 2009 йилда треблни, таркибдаги энг яхши ўйинчи ва тўпурар Лионель Месси эса “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Каталония клуби “бош мияси” Хави ўша мавсумда Примера ва Чемпионлар лигасида 27та голли узатмани амалга оширди. Месси бундай ажойиб футболчининг тўп узатишлари бўлмаганда 38та тўп кирита олармиди? Албатта йўқ.

2010, Андрес Иньеста («Барселона»)

“Барселона” бир йил ўтиб Примера учун рекорд бўлган 99 очкони қўлга киритди, Иньеста эса бош қаҳрамонлардан бирига айланди. У ЖАРда ўтган Жаҳон чемпионати финалидаги ягона тўпга ҳам муаллифлик қилди. Бироқ “Олтин тўп” яна Мессига берилди, унинг каталониялик жамоадошлари эса яна сояда қолиб кетишди. Ўшанда Уэсли Снейдер совринни қўлга киритиш учун энг яққол номзод эди. У Моуринью бошқарувидаги “Интер”нинг Чемпионлар лигаси баҳсларидаги энг яхши ўйинчисига айланди. Бироқ голландиялик атиги тўртинчи ўринни эгаллади, кейинги мавсумдан бошлаб эса унинг ўйин даражаси аста-секин пасайиб борди.

2011, яна Хави («Барселона»)

Хави 2011 йилда “Барселона” учун 550-учрашувини ўтказди ва Мигелни Каталония клуби таркибида майдонга энг кўп тушган футболчилар рўйхатида ортда қолдирди. Бироқ испаниялик яна Месси ва Роналдунинг соясида қолиб кетди ва ҳаққоний совринидан маҳрум бўлди.

2012, яна Иньеста («Барселона»)

Вазият яна қайтарилди. Европанинг УЕФАга кўра энг яхши ўйинчиси, Евро-2012 ва Чемпионлар лигаси - 2011/12 “Олтин тўп”сиз. Мессида эса бу соврин тўртинчисига айланди.

2013, Франк Рибери («Бавария»)

Юпп Хайнекснинг супермашинасида айнан Франк Рибери асосий мурват эди. У Чемпионлар лигаси ва УЕФА талқинига кўра энг яхши ўйинчига айланди. Бироқ ФИФА “Олтин тўп”ни Роналдуга бериб юборди.

2014, Мануэль Нойер («Бавария»)

Нойер Германия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди ва Лев Яшиндан сўнг “Олтин тўп”ни қўлга киритган тарихдаги иккинчи дарвозабон бўлиши мумкин эди. Бироқ у худди ватандоши Оливер Кан каби (у ҳам ўз пайтида Оуэн, Рауль, Роналдо ва Роберто Карлосга имкониятни бой берганди), Роналду ва Мессидан сўнг учинчи ўринни эгаллади.

2015, Неймар («Барселона»)

МСН (Месси, Суарес, Неймар) Европада 2014 йилдаёқ энг яхши бўлганди, Неймарга эса шахсий машҳурлик фақатгина бир йилдан сўнг келди. Ёш бразилиялик 49та учрашувда 31 тўп киритишга муваффақ бўлди, бироқ Месси ва Роналдуга имкониятни бой берди ҳамда атиги 7 фоиз овозни қўлга киритди. Неймарда “Олтин тўп”ни қўлга киритиш учун ҳали имкониятлар бўлади.

2016, Антуан Гризманн («Атлетико»)

2016 йил Роналду йили бўлди десак муболаға бўлмайди: агарда Чемпионлар лигасидаги ғалаба – “Реал” учун одатий бир ҳолга айланиб бораётган бўлса, Португалия термасининг Евродаги ғалабаси илк бор рўй берди. Мавсумда энг порлаган ўйинчи эса “Атлетико” форварди Антуан Гризманн бўлди – франциялик Роналдуни финалларда икки бор мағлубиятга учрата олмади ва португалиялик ҳамда Мессидан сўнг учинчи поғонадан ҳақли равишда ўрин олди.

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: