«У голлар уриш учун яшайди». Роналду ҳақидаги 15та ёрқин иқтибос

Испания 10 Январ 2017 3956

«Реал» жамоаси ҳужумчиси ФИФА талқинига кўра, 2016 йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Қуйида ушбу португалиялик чемпион ҳақида футбол оламининг турли вакиллари томонидан турли даврларда айтилган энг ёрқин иқтибослар келтирилган.

Сэр Алекс Фергюсон, Роналдуга «МЮ»да мураббийлик қилган:
— Криштиану Роналду мен билан ишлаган энг истеъдодли футболчилардан бири. У «Манчестер Юнайтед» тарихидаги буюк футболчиларни ортда қолдирди. У билан фақат — Пол Скоулз ва Райан Гиггзни бир қаторга қўйишим мумкин. Улар ҳам 20 йил давомида улуғвор ўйин намойиш этиб келишган.

Фернанду Сантуш, Португалия терма жамоаси устози, Роналдуга «Спортинг»да ҳам мураббийлик қилган:
— Мен «Спортинг»ни бошқарганимда, Роналдуга у мен билан ишлаши учун циркка хос трюкларни бас қилиши лозимлигини айтгандим. Унга шунингдек, футболни барча томонлама ўзлаштириши кераклигини айтганман. Кейинги куни машғулотга келганимда биринчи бўламан деб ўйлагандим. Бироқ мен иккинчи жамоадаги дўстлари билан машғулот ўтаётган Роналдуни кўрдим.

Златан Ибраҳимович, «МЮ» ҳужумчиси:

— Роналду туғма талант эмас — тинимсиз машғулотлар маҳсули.

Сэр Алекс Фергюсон, Роналдунинг «МЮ»даги устози:
— Кўплаб талантли футболчилар ўзларини намойиш қилиш учун уринишади. Ўйлайманки, Криштиану жамоадошлари ҳурматини қозониш учун уларнинг кўз ўнгида ўзини кўрсатишга ҳаракат қиларди.

Футболчилар машғулотлар вақтида ўзларини муносиб тутишиш керак. Тажрибали футболчилар унга сабоқ беришарди. Бир сафар Кэррингтонда унинг оёғига боплаб тепишди ва даҳшатли чинқириқ эшитилди: «А-а-а-а-а!» Шериклари унга раҳм қилишмади. Кўп ўтмай у ўзини яхши тутадиган бўлди. Уни тарбиялашди. У жуда ақлли йигит эди. Криштиану англадики, машғулотлар вақтида унинг артистликлари ва бақиришларига ҳеч ким эътибор қаратмайди. Ва у ўзини ўнглай бошлади. Тез орада бу катта ўйинларда ҳам акс этди.

Гари Невилл, Роналдунинг «МЮ»даги собиқ жамоадоши:
— Роналду „МЮ“га келганида 2-3 йил давомида жамоадошлари томонидан масхара қилинарди. Ҳозир у айнан шу ҳаракатлар уни эркак қилиб етиштирганини тан олади.

Гари Линекер, Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси:
— Криштиану ҳақида нима дейиш мумкин? У буюк футболчи, шунчаки буюк футболчи. Мен ҳеч қачон у каби баландликка сакрайдиган футболчини кўрмадим. Феноменал спортчи.

Диего Марадона, дунё футболи афсонаси:
— Роналду — футбол жавоҳири. Ким футбол ишқибози бўлса, унга Роналдунинг ўйини ҳам ёқиши тайин. 

Хорхе Сампаоли, «Севилья»нинг аргентиналик бош мураббийи: 
— Роналдунинг асосий муаммоси шундаки, унинг даври Месси билан, футбол тарихидаги энг яхши футболчи билан бир даврга тўғри келиб қолди.

Карло Анчелотти, Роналдунинг «Реал»даги мураббийи:
— Мессининг зўрлигига Криштиану борлиги сабаб. Худди шунингдек, Криштианунинг зўрлигига Месси борлиги сабаб.

Райан Гиггз, Роналдунинг «МЮ»даги собиқ жамоадоши: 
— У билан кийим алмаштириш хонасида бирга бўлиш яхши эди, аммо у ойнага қараш учун шунчалик кўп вақт сарфлардики. Бизда аввалига Бекҳэм бор эди, „МЮ“га Криштиану келгач, у ойнани Бэксдан тортиб олганди. У ойна қаршисида узоқ вақт нима қиларди, билмасдик, аммо биз кўп вақт кутишимизга тўғри келарди.

Зайнидин Зидан, «Реал» бош мураббийи:
— Роналду туфайли баҳслар юзага келиши табиий ҳол. Ҳар ким Криштиану ҳақида ўз нуқтаи назарига эга. Роналду ўз вазифаларини жуда ўринлатиб бажаради, у ноёб футболчи. У ўз устида ишлашда давом этмоқда.

Марсело, Роналдунинг «Реал»даги жамоадоши:
— Роналду голлар уриш учун яшайди.

Рауль Альбиоль, Роналдунинг «Реал»даги собиқ жамоадоши:
— Роналду — ақл бовар қилмас инсон. У майдондан ташқарида ҳамиша бошқаларга ёрдам кўрсатишга интилади. Криштианунинг шахсиятида мавҳум қолаётган жиҳатлар бор. Одамлар ҳеч қачон Роналдуни яқиндан била олишмайди. У ҳар куни янада яхшироқ бўлиш учун ҳаракат қилади. У жуда сахий инсон.

Жоау Арозу, Португалия термасида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий: 
— Агар Роналдуга жароҳатлар халақит бермаса, у 41 ёшигача бамайлихотир ўйнаши мумкин. Мен Криштиану бошқа футболчилардан ажралиб туриши ҳақида гапиришни истамайман, аммо айтишим керакки, у алоҳида характеристикага эга. Йиллар ўтсада, унинг тезлиги пасаймади.

Зайнидин Зидан, «Реал» бош мураббийи:
— Мен Роналдуни «Реал» тарихидаги энг яхши футболчи десам, ошириб юборган бўлмайман. «Реал»нинг ҳеч бир футболчиси Криштиану қўлга киритган ютуқларга эришмаган.

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: