ФИФА допинг можароси доирасида Муткога қарши текширув бошлади

Россия 18 Декабр 2016 394

ФИФА ахлоқ қўмитасининг тергов палатаси Россия футбол иттифоқи раҳбари Виталий Муткога нисбатан суриштирув ишларини бошлади.

Daily Mail хабарига кўра, Россиядаги допинг билан боғлиқ можаролар ҳақидаги Ричард Макларен томонидан тайёрланган ва яқинда эълон қилинган маърузада Мутконинг номи бир неча маротаба тилга олинган. Шу туфайли, ФИФА давлат томонидан допинг истеъмолини ташкил қилиш ва уни яшириш бўйича йўлга қўйилган тизимда Мутко қандай вазифани бажарганини аниқлаб олишга қарор қилган.

Агар унинг айби исботланса, Мутко футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлатилади. Натижада, ЖЧ-2018 мусобақаси Россияда ўтиши ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри экани ҳақидаги савол ўртага чиқади.

Ҳозирча ФИФА мулозимлари бу борада ҳар қандай расмий баёнотдан тийилишмоқда.

«ФИФА ахлоқ қўмитасининг тергов палатаси Макларен маърузасида айтилган далилларни инобатга олди ва уни яхшилаб ўрганиб чиқади. Агар аҳлоқ кодекси бузилгани аниқланса, тергов палатаси барча зарур чораларни кўради ва бу ҳақда эълон қилади», деган вазият билан таниш манба.

Тахмин қилинишича, Макларен жамоасида Мутконинг допинг можаросига алоқадорлигига шоҳидлик берувчилар бор.

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: