Каталония дербиси ва «Реал»сиз ўтадиган Испания чемпионатининг бошқа учрашувлари

Испания 16 Декабр 2016 2302

16 декабрдан 17 декабрга ўтар кечаси «Алавес» – «Бетис» учрашуви билан Испания Ла-Лигасининг навбатдаги тур учрашуви бошланади. Tribuna.Uz мазкур тур ўйинлари анонси билан таништириб ўтади. 

Гризманн учун навбатдаги чақирув
Атлетико - Лас-Пальмас (17 декабрь, 18:15, Висенте Кальдерон)

Қизиқарли учрашувлардан бири Мадридда, «Висенте Кальдерон» стадионида бўлиб ўтади. «Атлетико» бу сафар «Лас-Пальмас»дан 3 очко тортиб олишга ҳаракат қилиб кўради. Меҳмон жамоа ҳозирда турнир жадвалининг 10-поғонасида бормоқда. Молиявий имкониятлари юқори бўлмаган жамоа учун бу яхши натижа. «Лас-Пальмас» чемпионатнинг дастлабки турида «Реал» билан дуранг (2:2) ўйнагани ва «Валенсия»дан устун келганини (4:2) ҳисобга олсак, жамоа билан ҳар қандай рақиб ҳисоблашишга мажбур бўлишини кўришимиз мумкин.

«Матрасчилар» эса ўз навбатида «Реал Сосьедад» ва «Вильярреал» каби жамоаларни олдинга ўтказиб юбориб бор-йўғи 6-ўринни эгаллаб турибди. Сўнгги турда мадридликлар айнан «Вильярреал»дан йирик ҳисобда (3:0) устун келганди. 

Интрига нимада?
Барчага маълумки, Диего Симеоне шогирдлари қийин даврларни бошидан ўтказмоқда: Антуан Гризманн 2 октябрдан буён гол кирита олгани йўқ; ўтган турда жамоанинг энг асосий футболчиларидан бири Ян Облак жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқди. Энди жамоа Мигел Анхел Мойя хизматига таянишга мажбур. Бундан ташқари, Симеоне атрофида жуда кўп миш-мишлар тарқалди. Матбуот унинг жамоани тарк этишни истаётгани ҳақида гапирмоқда. Биринчи навбатда унинг янги иш жойи сифатида Миланнинг «Интер» клуби тилга олинмоқда.

Ҳар қандай шароитда ҳам мезбонлар мухлисларни хурсанд қилиш мақсадида ғалаба учун майдонга чиқиши табиий. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 6-ўрин бугунги «Атлетико» мухлисларини ҳам, жамоани ҳам қаноатлантирмайди.

«Барселона» учун умид учқунлари
Барселона Эспаньол (18 декабрь, 00:45, Ноу Камп)
Турнинг марказий учрашуви «Валенсия» ва «Реал» жамоалари ўртасида кечиши лозим эди. Бироқ мадридликларнинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиши муносабати билан бу ўйин бошқа муддатга кўчирилди. Аммо 18 декабрь куни бизни бошқа бир қизиқарли ўйин кутмоқда. Каталония дербисида «Барселона» «Камп Ноу»да Эспаньол»ни мағлубиятга учратишга ҳаракат қилиб кўради.

Интрига нимада?
«Реал»нинг собиқ дарвозабони Диего Лопес ҳозирда «Эспаньол» шарафини ҳимоя қилмоқда ва  550 дақиқадирки, ўз дарвозасидан тўп олиб чиққани йўқ.

Дербидан олдин бундай кўрсаткич ажойиб, албатта. Бу учрашув дарвозабон учун рекордини давом эттириш ва собиқ жамоаси учун асосий рақиб билан орадаги фарқни ошириб олиши учун ёрдамлашиши мумкин. Ҳозирча «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги фарқ 6 очкони ташкил қилмоқда.

Кўк-анорранглиларга тўхталадиган бўлсак, уларнинг муаммоси ўзига етарли бўлиб турибди. Бу биринчи навбатда ҳамон очиқ қолаётган Лионель Месси билан билан шартнома имзоланиши бўлиб турибди. «Реал» билан учрашувда йўқотилган 2 очко ҳам жамоага яхши таъсир кўрсатмагани аниқ. «Осасуна» устидан ўтган турда қозонилган йирик ҳисобдаги ғалаба бироз бўлсада жамоанинг кайфиятини яхшилаган бўлса ажабмас. Лекин шу кунгача  Энрике шогирдлари мадридликлардан ташқари «Малага» ва «Реал Сосьедад» билан ўйинларда ҳам очко йўқотишга улгурган. 

Қайд этиб ўтиш керак, «Эспаньол» охирги марта 25 сентябрда мағлубиятга учраган. Жамоа шу кунгача «Атлетико» билан дуранг (0:0) қайд этган, «Атлетик» Бильбао ва «Вильярреал»га қарши учрашувларда ҳам жамоа гол ўтказмасдан дуранг натижа қайд эта олган. 

Аниқки, «Барса» ўз уйида ғалаба қозониш учун ҳаракат қилади ва бунда мухлислар ҳам уларга кўмак бериши табиий. Аммо шунга қарамай Диего Лопес «Барселона»нинг умидларини пучга чиқара оладими? Буни эртага билиб оламиз. 

«Малага» орқали юлдузлар сари
Севилья – Малага (17 декабря 00:45, Рамон Санчес-Писхуан)
«Барселона» Лопес дарвозасига йўл излаётган маҳалда «Севилья» ўз уйида «Малага»ни қабул қилади. 

Интрига нимада?

«Севилья»  учун бу баҳс шуниси билан аҳамиятлики, андалусияликлар бу учрашув орқали «Барселона»ни ортда қолдириб кетиш учун яхши имкониятга эга бўлиб туришибди. Яна бир турдан кейин Хорхе Сампаоли шогирдлари «Реал»га қарши учрашувда иштирок этади. Бу учрашувгача Европа Лигасининг сўнгги уч йилдаги ғолиблари иложи борича орадаги фарқни қисқартириб, қулайроқ шароитда етиб боришни истайди.

Бошқа томондан «Малага»да ҳам бу учрашув учун алоҳида режалари бўлиши мумкин. «Барселона» билан дуранг ўйнай олган жамоа сўнгги марта октябрда «Атлетико»га қарши учрашувда мағлубиятга (2:4) учраган. 

Ўтган сафар иккала жамоа ўртасидаги учрашувда «Севилья» футболчиси Висенте Иборра 2 дақиқа ичида иккита сариқ карточка олиб майдонни шерикларидан олдин тарк этишига тўғри келганди. Ўша учрашувда шунингдек рақиб жамоа сафида Артур Бока (ҳозирда Швейцариянинг «Сьон» жамоаси шарафини ҳимоя қилади) ҳам қизил карточка олганди. Бу сафарги учрашув қанчалик асабий, эҳтиросларга бой кечади бундан эртага хабардор бўламиз.

Шунингдек, ушбу турда яна бир қатор учрашувлар ўтказилади

Алавес – Бетис (16 декабрь 00:45, Мендисорроса)
Спортинг – Вильярреал (17 декабрь, 17:00, Эль Молинон)
Гранада - Реал Сосьедад (17 декабрь, 22:30, Эстадио Нуэво Лос Карменес)
Леганес – Эйбар (18 декабрь, 20:15, Бутарке)
Депортиво – Осасуна (18 декабрь, 22:30, Риасор)
Атлетик – Сельта (19 декабрь, 00:45, Сан Мамес).

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: