Чорасиз «Барселона», антирекордчи Моуриньо, Краснодардаги триллер ва «уик-энд»нинг бошқа энг ёрқин лаҳзалари

Европа 28 Ноябр 2016 6713

Ўтган ҳафта уик-энд’и воқеаларга жуда бой бўлди. Айниқса етакчи жамоаларнинг кўрсатган муваффақиятсиз ўйинларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. «Барселона» бу мавсумдаги барча антирекордларини янгилаган ўйинини ўтказди. «Ювентус» Италия А серияда дуч келмаган муаммосига дуч келди. Жозе Моуриньо «МЮ» узоқ йиллардан буён кўрсатган энг ёмон натижаларини янгилаб ташлади. Tribuna.Uz Европанинг энг воқеаларга бой бўлган ҳафта якунини ёдга олиб ўтишга қарор қилди.

Тўпсиз «Барселона»

Майдонда тўпсиз қолган «Барселона»ни эслай оласизми? Менимча йўқ. Жорий мавсумнинг ўзида Гвардиола жамоасига қарши икки марта тўп сурганда ҳам Энрике шогирдлари умумий тўп назорати бўйича етакчилик қилганди. Аммо «Сосьедад»га қарши учрашувда «кўк-анорранглилар» рақибга тўпни кўпроқ муддатга бериб қўйишди 52,6 га 47,4 фоиз. Жамоанинг ўйини ўхшамаганига бу биргина исбот эмас. Тўпсиз қолган Лионель Месси бошчилигидаги жамоа Неймар-Суарес-Месси учлиги билан биринчи бўлимда бирор марта ҳам рақиб дарвозасига аниқ зарба бера олмади. Бунақаси мавсум давомида кузатилмаганди. Натижада каталонияликлар учун «Аноэта»даги муваффақиятсиз учрашувлар кетма-кетлиги янада чўзилди, Пике дурангдан хурсанд бўлиш кераклиги ва бунақа ўйин билан жамоа чемпион бўла олмаслигини тан олиб юборди. «Реал Сосьедад» мураббийи эса ҳақли равишда ўз ўйини билан мақтаниб ўтди. Ҳужумчи Карлос Вела эса бошини баланд кўтариб жамоаси бу ўйинда икки очко йўқотганини таъкидлади.

Зидан ва Роналду

«Барселона»нинг муваффақиятсиз ўйинидан «Реал» фойдаланишда давом этмоқда. Мадридликлар бу турда аутсайдерга қарши жуда қийин ўйин ўтказишганига қарамасдан, Роналдунинг навбатдаги рекорд натижалари эвазига ғалаба қозонди. Зидан эса ўз натижалари билан Карло Анчелоттига тенглашиб олди. 31 учрашувдан бери мағлубиятга учрамаётган «Қироллик клуби» яна учта учрашувда бу натижани сақлаб қолса жамоа тарихидаги энг яхши натижани такрорлаган бўлади. Бироқ жамоани олдинда «эль-класико» кутмоқда.

Ўзгармаётган Моуриньо

Икки йилдирки Жозе Моуриньонинг натижалари ундан кутилган топ-мураббий натижаларига ўхшамаяпти. Албатта бир йил олдинги «Челси» натижасидан ҳозир «МЮ» қайд этган кўрсаткичлари яхшироқ, лекин мана шунинг ўзи ҳам манчестерликларнинг сўнгги 27 йиллик тарихидаги энг ёмон кўрсаткичи бўлиши учун етарли бўляпти. Ҳаттоки Манчестердаги фаолияти ўта муваффақиятсиз деб баҳоланадиган Дэвид Мойес ва Луи ван Гаал ҳам бу даражада ёмон старт олмаган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. «Вест Ҳэм»га қарши учрашув билан қўшиб ҳисоблаганда Моуриньо «Олд Траффорд»да кетма-кет  тўртинчи учрашувда ғалаба қозона олмади. Бунақаси охирги марта бўлганида «Вест Ҳэм»га қарши майдонга тушганларнинг деярли ярми ҳали туғилмаган эди. Февралда 27 йил тўладиган натижани Моуриньо жамоаси кўрсатган футболи билан яна бир марта ёдга солди.

Жозенинг олдинги фаолиятидан сақланиб қолган жиҳатлар ҳам бор. Масалан у ҳамон ҳакамларга эътироз билдиришда давом этмоқда, натижада ўйинни трибунадан кузатишига тўғри келяпти ва навбатдаги жазога тортилишга яқин турибди.

Конте забт этган 9 йиллик тарих

«Челси» эса Моуриньодан қутулгач, ишлари жойига тушиб кетди. Антонио Конте бошчилигида жамоа олтита ўйинни «қуруқ» серия билан ютди, бу сафар гол ўтказиб юборилган бўлсада, жамоа принципиал рақиблардан бири «Тоттенҳэм»нинг мавсумдаги мағлубиятсиз сериясига якун ясашни уддалади. Бу натижа билан Конте шогирдлари тўққиз йилдан буён уддалай олмаётган натижани қайд этди ва энг асосийси «Челси» турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Бу энди мавсум бошида «Ливерпуль» ва «Арсенал»га ютқазган жамоа эмаслигини Контенинг ўзи ҳам тасдиқлаяпти.

«Лейпциг»нинг давомли эртаги

Германияда ҳам еттита учрашувдан буён ғалаба қозонаётган жамоа бор. Лекин бу ўйлаганингиздек «Бавария» ёки «Боруссия» каби етакчи жамоалар эмас, ташкил этилганига эндигина 7 йил бўлган, бундеслиганинг дебютант жамоаси «Лейпциг» қайд этмоқда. Ўтган ҳафта бундеслигада янги тарих яратган Ральф Хазенхюттль шогирдлари турнир жадвалида пешқадамлик қилишда давом этишмоқда. Жамоа кучли бешлик чемпионатида мағлубиятга учрамаган учта жамоадан бири бўлиб турибди. «Бавария» эса бу сафар жуда катта қийинчиликлар ва ҳакамнинг билиб-билмай кўрсатган ёрдами билан ғалаба қозониб таъқибчи ролини ўйнашда давом этмоқда.

«Ювентус» — машина эмас

Италияда ҳозирча «Ювентус»ни «Бавария»нинг ҳолатига тушириб қўя оладиган жамоа йўқ. Лекин ҳеч бўлмаса, баъзида туринликларнинг ҳам машина эмаслигини исботлаб турувчилар топилмоқда. Масалан бу мавсумда фақат Миланда мағлубиятларга учраган, қолган барча рақибларини бирма-бир мағлуб этиб келаётган клуб нисбатан кучсизроқ жамоага ҳам ютқазиши мумкинлиги кўриниб қолди. Ютқазганда ҳам уч йилдан бери йўл қўймаган хатоларни такрорлаб ютқазди. Диего Симеоненинг ўғли бундай тарихий натижага ўз дубли билан ҳисса қўшди. Энди «Милан» ва «Рома» пешқадамдан тўрт очкога ортда қолишмоқда. Бугунги А серия учун шунинг ўзи ҳам катта гап.

Европада етакчи «Монако»

Францияда эса бу йилги вазиятга Германияга ўхшаб кетмоқда. «ПСЖ» яккапешқадамлик қилмай қўйганига анча бўлди. Орада «Ницца» фарқни ҳаттоки 6 очкогача оширганди. Бироқ сўнгги турга келиб бу фарқ 1 очкогача қисқарди. Лекин «Ницца» амалдаги чемпиондан кўра, «Монако» кўпроқ хавф солмоқда. Европа чемпионатларида сермаҳсуллик бўйича етакчилик қилаётган Жардим шогирдларига бу борада «Реал», «Барселона», «Манчестер Сити» ёки «Ливерпуль» каби голни севадиган жамоалар ҳам рақобат кўрсата олмаяпти. Ўз навбатида жамоа қарийб 50 йилдан буён Франция чемпионатида кузатилмаган сермаҳсулликни намойиш этиб келмоқда.

Краснодар триллери

Россия чемпионатида ҳам драматик учрашувлар бўлиб туради. Лекин кеча «Краснодар»да кечган ўйин каби триллер яқин йиллар ичида Россия чемпионати доирасида кузатилмаган бўлса керак. 86 дақиқа мобайнида гол киритилмаган ўйинда, аввалига Дзюба меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққди. Ҳаммаси «Зенит»нинг ғалабасига қараб кетаётганди, лекин... 90+2 дақиқада аввалига Марат Измайлов ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам ҳуштаги чалиниши арафасида эса Окриашвили краснодарликларга ғалаба келтирган голни, йўқ суперголни киритди. Агар сизда эҳтиросларга, асаббузарликларга бой ўтган учрашувни жонли кўриш имконияти бўлмаган бўлса, такроран албатта кўринг. Ҳеч бўлмаса хавфли вазиятларини кузатинг. Афсусланмайсиз.

Уик-эндга яна бир қатор эътиборли вазиятлар кузатилди.

Агуэронинг навбатдаги муваффақияти, «Суонси» ва «Кристал Пэлас» ўртасида кечган қувлашмачоқ ўйинларни ҳам шулар жумласига киритиш мумкин.

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: