Германияда тарих яратган «лаънати» жамоа. Бундеслиганинг янги етакчиси ҳақида

Германия 21 Ноябр 2016 3546

Бошидан тан олиб айтай, футболга катта инвестициялар орқали инқилоб олиб кирадиган жамоаларни маъқуллайман. Янги бир кучли жамоанинг яралишига, рақобатнинг ошишига, футболнинг янада томошабоп бўлишига кўмаклашадиган омиллардан бири бу, менимча. Замонавий футболнинг талаби шунақа. Аслида эса ёрқин тарихга эга бўлмай туриб бирданига юқори ўринларга даъвогар бўлиб олган жамоалар кўпчиликка ёқмайди. Севимли жамоаси йиллар давомида эришган совринларга қисқа муддатда даъвогар бўлиб олган лойиҳа ҳар доим ҳам муносиб кутиб олинмаслиги табиий. Бугун сиз билан гаплашмоқчи бўлган жамоа ҳам худди шундай йўлни босиб ўтаётган янги лойиҳалардан бири. Кўпчилик кўрарга кўзи йўқ, лекин битта жамоа чемпионлиги билан мухлиснинг меъдасига тегиб кетган чемпионатда инқилоб ясаб етакчи бўлиб олган «Лейпциг» ҳақида.

Мислсиз нафрат тимсоли

«РазенБалшпорт» ёки қисқача айтганда «РБ Лейпциг» — бугунги кунда германиялик мухлисларнинг энг кўрарга кўзи йўқ жамоаси дейиш мумкин. Жамоага бутун бошли лиганинг бу қадар нафратини бошқа жойда учратишингиз қийин. «Лейпциг» ташкил топганидан етти йил ўтиб тўртта дивизион йўлини босиб ўтди. Ҳар сафар жамоа юқори дивизионга кўтарилгани сари унга бўлган нафрат ошса-ошдики, камайгани йўқ. Аммо «РБ» оммавий танқидлар сабаблар катта босим остида қолган деб ўйласангиз адашасиз. «Лейпциг» учун бу каби хейтерларнинг қандай ўйлаши — бир пул.

«Лейпциг» балки дунёда бирорта бир «шериги» ёки «акалик» қилувчи клуби ҳам йўқ ягона профессионал футбол жамоаси бўлса керак. Ҳаттоки яна бир нафратлар қуршовидаги «Ҳоффенҳайм» мухлислари ҳам ижтимоий тармоқлар орқали машҳур бўлиб кетган «I know that feel bro» мэми билан уларга шерик бўлиш ўрнига «Бизни унвонни қайтариб беринг. Германияда энг ёмон кўриладиган жамоа – биз» деб ёзилган баннерлар билан шарқликлар жамоасини бундеслигада кутиб олганини ўзиёқ жамоага муносабатнинг қандай эканини кўрсатиб турибди.

Лекин шунча тўсиқлар, босимга қарамай жамоани бугунги савияга етиб келишининг сири нимада ўзи?

Менежер-одам

«Лейпциг»да махсус лойиҳалар бўйича Германиянинг биринчи рақамли менежери Ральф Рангник ишлайди (ҳа, ҳа, қўшиламан, қайсидир жиҳатлари биздаги менежер фаолиятига ўхшаб кетса керак). Айтишларича, Ральф Рангник савдо марказларига борганида доим машинасини автомобиллар тўхташ паркининг иккинчи қаватига қўяркан. Чунки у доим энг қуйидан тепага кўтарилишни яхши кўради.

Минтақавий лига –> Учинчи лига –> Иккинчи бундеслига –> Бундеслига. Рангникнинг бу маршрут бўйлаб ҳаракати иккинчи марта амалга оширилди ва ҳар иккисида ҳам мутахассис белгиланган топшириқни муваффақиятли уддалади. «Ҳоффенҳайм»да ҳам мана энди «Лейпциг»да ҳам. Бу «Лейпциг» спорт директорининг ўз мақсади йўлида қандай ҳаракат қила олишини кўрсатиб турибди. Унинг натижасидан яхшироғини, яхшироғи уёқда турсин шу натижани такрорлашни яна кимдир ва қачондир уддалашига ишониш қийин. 

«Бизни жуда ёмон кутиб олишларига тайёр эдим. Германияда кўпчилик одамлар янгилардан ўзиникини ҳимоя қилиб олишга ўрганиб қолган. Аммо бу нормал ҳолат. Facebook ёки Google’га кўп миллионли армия ҳам бирдан кириб қолмаган. Биз танқидчиларга замонавий ҳужумкор футбол билан жавоб қайтарамиз. Принципим – 0:0дан 3:3 минг марта яхши», деганди Рангник.

Ўтган мавсумда Рангник жамоадаги фаолиятини кенгайтирди ва биринчи лигадан жамоани юқорига олиб чиқиш учун бош мураббийлик вазифасини ҳам (ростан ҳам ўзимиздаги вазиятга ўхшайди) бажарди. Энг қизиғи у бу ишни ҳам муваффақиятли якунлай олди. Унинг танаффусда ечиниш хонасидаги жамоани руҳлантириш учун қўллайдиган ноодатий тренинглари «РБ»га бундеслига йўлланмасини қўлга киритишда ёрдам бергани шубҳасиз. Қуйидаги ролик жамоа бундеслига йўлланмасини қўлга киритган «Карлсруэ»га қарши учрашувнинг танаффус пайтида олинган. Тасвирларни тушуниш учун немисчани билиш ҳам шарт эмас. Шунчаки кузатувда ҳам Рангник нималар демоқчи бўлганини тушуниш мумкин ва видеотасвир охирги сонияларгача кўришга арзийди.

Керакли пайтда ҳозир мураббий

Уч йил олдин Ральф Хазенхюттль ҳақида Австриянинг ўзидан бошқа жойда билишлари амри маҳол эди. Германияда фаолияти юритаётган мутахассис иккинчи бундеслигада 9 учрашувдан кейин 7та мағлубият билан сўнгги ўринда бораётган «Инголштадт» бошқарувини таклиф қилишди. Ральф мавсумнинг қолган қисмида жамоани ўзини тиклаб олишини таъминлади. Кейинги мавсумда эса камтаргина бюджетга эга жамоани бундеслигига қадар олиб чиқишни уддалай олди.

Бундеслигадаги биринчи мавсумидаёқ ортга қайтиб кетиши кутилган жамоани 11-ўринни эгаллашини таъминлади. Маҳаллий мухлислар учун икки йилда қаҳрамонга айланган мутахассис мавсум сўнггида янги шартнома тузмаслигини, янги мақсадларни мўлжаллаган янги лойиҳада ишлашини маълум қилди. Имкониятлари ва амбициялари юқори бўлган «Лейпциг»да ишлай бошлаган Хазенхюттль мухлис-у мутахассисларни ажаблантиришда давом этмоқда. 

Инсон ва у четлаб ўтган қонунлар

Маркетинг оламидаги қаллоб, лаънати капиталист шунга ўхшаб ўнлаб тавқи лаънатлар номи билан билан эсланадиган «Ред Булл» энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш концерни раҳбари Дитрих Матешицга немис футболи учун чипта 350 000 еврога тушган. Айнан шунча пулга жамоа маҳаллий «Маркранштадт» клуби лицензиясини сотиб олади. Савдо шу қадар соф ва тоза амалга оширилдики, Германия иқтисодиётининг қатъий чекловларига чап бериб ўтгани учун «Ред Булл» юристларига ўша йили юриспруденция соҳасида Пулитцер мукофотини берилиши тўғри бўларди. Янги жамоа юқорига қараб парвоз қилди. Орадан маълум муддат ўтиб «Маркранштадт» жамоаси ҳеч нима бўлмагандек яна ўз лигасида пайдо бўлди, фақат молиявий имкониятлари анча яхшиланган ҳолда мусобақада қатнаша бошлади. Жамоа юқори лигага чиққанида Германиянинг ёввойи қонунларидан бири бу ҳеч бир рекламанинг клуб номида бўлмаслиги эди. Ўз ишининг усталари буни ҳам йўлини ўйлаб топишди — «Разенбалшпорт Лейпциг» (майдонда тўп тепувчи спорт клуби) номи жамоанинг тўлиқ номи учун танланди ва асосий урғу қисқартмага берилди — «РБ». Албатта бир қарашда бу қисқартмадан «Ред Булл» номини ўқиб олиш қийин эмас ва қайсидир маънода яширин тарзда бренд реклама учун сақлаб қолинди. Бу ерда ҳам ишбилармон австрияликлар «улоқни илиб кетишди».

«Лейпциг»га бўлган нафратнинг яна бир сабаби бу – Германиядаги 50%+1 қоидасига амал қилмаслигида. Ҳа, «РБ Лейпциг» клуби акцияларини сотиб олиб, унга  аъзо бўлиш – вақтни ҳавога совуришдек гап. Ҳаттоки сизнинг аризангиз қабул қилинган тақдирда ҳам чиқариладиган муҳим қарорлар учун тўғридан-тўғри овоз беришда қатнаша олмайсиз.

Хейтерларнинг аксари «Лейпциг» Шарқий Германия жамоасини айнан мавжуд қоидаларга бўйсунмаслиги учун ҳам ёмон кўришади. Аммо бу ерда юридик жиҳатдан камчилик топа олмайсиз. Асосий эътироз аъзолик учун тўланадиган бадал пулининг катталигига бўлмоқда. Мисол учун 100 евро «Боруссия» Дортмунд ёки «Бавария» клубига овоз берувчи сифатида аъзо бўлишингиз имкониятини беради. «РБ» структурасига қарорларни қабул қилиш учун 17та аъзо кирган ва бу аъзоларнинг барчаси «Ред Булл» тизимида ишловчи ходимлардан иборат.

Режали менежмент

Албатта жамоанинг футбол ичида амалга ошираётган ишларини эътироф этмасдан илож йўқ. Бу ерда анчадан буён Германиядаги энг яхши машғулотлар маркази фаолият кўрсатмоқда. Жамоа ёшлари ҳар йили турли ёш тоифаларида совринли ўринлар учун курашмоқда. Германия терма жамоасининг ҳар хил ёшдаги терма жамоаларида камида битта бўлса ҳам «Лейпциг» тарбияланувчисини кўрасиз. Клуб ҳар йили академияни ривожлантириш учун турли харажатларга 35 миллион евро (бу баъзи жамоаларнинг умумий йиллик бюджетидан 10 баравар кўп) сарфлайди. Дитрих Матешиц эса ёшлар билан ишлаш учун барча жиҳатлардан энг яхши мутахассисларни жалб қилди. Бир сўз билан айтганда, клуб бундеслигага чиққанида икки қўлида икки қоп пулни кўтариб, кийимсиз кириб келган бўрига ўхшаб қолмаслик учун, йўлланмага эга бўлгунига қадар узоқ муддат пойдеворни энг пастки қисмидан мустаҳкамлаб борди.

Клуб Лейпциг шаҳри аҳолисини футболга жалб қилиш максимал даражада ҳаракат қилиб келмоқда. Ҳозирча келгусида ким бўлиш бўйича якуний қарорга келмаган болакайларни футболга батамом қизиқтириш учун мактаб таътили пайтида «Футбол мактаби» лойиҳаси остида тадбирлар мунтазам ташкил қилиниб турибди. 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган исталган бола клуб билан танишиб, футбол ҳақида умумий билимларга эга бўлиб, ўз вақтини профессионал мураббийлардан футбол сир-асрорлари бўйича сабоқ олади. Бу борада сўров ақлбовар қилмас даражага чиққан. Ёзги таътил вақтида «РБЛ» машғулотлар оромгоҳи бутунлай банд қилинган бўлади. «Бу аниқ кўчада бекорга югуриб, покемон қувлаб юришдан кўра яхшироқ», – деганди лойиҳа кураторларидан бири.

Клуб ташкил этилганида унинг асосий мақсадларидан бири ҳудудда болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришдан иборат эди. «РБ» ҳозирча берган барча ваъдаларининг устидан чиқмоқда. Ижтимоий акция бўйича клубга тушадиган барча ортиқча юкларни ҳам хурсандчилик билан қабул қилмоқда.

Шарқий Германиянинг энг «ғарбий» жамоаси

Бундеслигада сўнгги йилларда собиқ ГДР (Шарқий Германия) клубларининг ҳам спорт, ҳам иқтисодий жиҳатдан оқсаши кузатилмоқда. Бунга қадар охирги марта бундан 8 йил олдин Коттбуснинг «Энерги» бундеслигага чиқа олгани ҳам буни тасдиқлайди. Энг қизиғи лиганинг ҳар қандай ходими ҳам ич-ичидан бўлсада, иложи бўлса яна узоқ йиллар бу ҳолат такрорланишини исташади. 

«Лейпциг» эса айнан мана шу ўзига хос стереотипга қарши кураш очган ва аста-секин бунга барҳам бераётган клуб саналади. «Лейпциг» ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. Қайд этаётган натижалари ҳам бунга исбот бўлади. Жамоа 12 турдаёқ ҳали ҳеч бир дебютант қилмаган ишни қилишга улгурди. Жамоа фан-клуби четдан бўлаётган турли провакацияларга қарамасдан ўсмоқда, бошқа жамоа мухлисларидан фарқли равишда,  рақибнинг устидан кулиш учун эмас, ўз жамоасини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинмоқда. Жамоа чемпионатнинг асосий ўйинларида лиқ тўлиши кафолатланган ажойиб, 43 мухлисга мўлжалланган стадион билан бундеслигага ташриф буюрди. Аслида эса бундай клубни бундеслига хурсандчилик билан кутиб олиши керак. Чунки улар ҳам...

Худди бошқалардек

«Лейпциг» бундеслигада иштирокини бошлаш олдидан ўзига эътиборли имиж яратиш учун катта харидни амалга оширишга уриниб кўрди ва бунинг учун Лерой Санени сотиб олишга ҳаракат қилди. Жамоа бу орқали 50 млн еврога трансфер бозорининг энг харидоргир футболчисини сотиб олиш имкониятига эга эканини кўрсатиб қўйиш эди. Бу жамоа учун ҳам энг катта воқеиликлардан бири бўлиши мумкин эди. «Лейпциг» ҳали қуйи лигада ўйнаб юрган пайтларидаёқ трансферлар учун ажратилган бюджет бўйича Германиянинг топ-5 жамоаси сафига кирарди. Аммо Сане якунда Англия премьер-лигасини танлади. Рангник бунга ҳам сабаб топди: «Инглизлар биз бир ойда тўлайдиган пулни бир ҳафтада тўлашади. Молиявий жиҳатдан фаол қўллаб-қувватланаётган бўлсак ҳам, биз пулни ақл билан сарфлашни билишимиз лозим».

Албатта, агар футболчини сотиб олиш учун 50 миллион тўлай оладиган жамоа учун у қанча маош сўраса шунча маблағни бериш мумкин деган фикр туғилиши мумкин. Барибир сотиб олишга кўп пул сарфланган бўлса. Лекин бу «Лейпциг» жуда муҳим жиҳат бўлиб қолмоқда. Рангник «Ҳоффенхайм» билан бир марта буни бошидан ўтказди, жамоа ҳамон ўзини-ўзи қоплай олаётгани йўқ.  Шу боисдан ҳам лейпцигликлар агар жамоа истагидаги янги футболчи ўз талабларини ошириб юбормаса ва у сўраган маош клуб раҳбарларини қониқтирса, уни исталган нархда бўлсада сотиб олишга тайёр туради. Худди ёзда сотиб олинган Оливер Беркка ўхшаб.

Бир қарашда 19 ёшли ҳеч ким танимаган чемпионшип аъзосига 17 миллион евро тўлаш исталган одамда «бунча пул билан мен ҳам юлдузлардан иборат таркиб тузардим» деган фикрни уйғотиши мумкин. Бироқ жамоанинг амбицияларидан келиб чиқиб улар шундай юриш қилмаган тақдирда ҳам уларни жиддий қабул қилишлари мумкин эмасди. «Лейпциг» билан ҳисоблашиб ўтириш шарт эмас деган қараш пайдо бўлиши табиий эди. Мисол учун шартли равишда «Майнц» казинода 3 доллар тикса, «Лейпциг» бу пайтда ставкани 20 мингга оширишга мажбур. Иккала жамоада ҳам имкониятдан келиб чиқиб айтганда қиймат бир хил. Ютқазиш учун таваккал даражаси ва ютиш имконияти бир хил бўлади. Бошқа кучлироқ ва имконияти кенгроқ жамоанинг ҳам йўналиши аслида шунақа бўлади.

Илгарилаб кетаётган 2024 йил

Европанинг етакчи лигасида дебют қилган мавсумидаёқ чемпионлик учун кураша оладиган амбицияга эга жамоалар номини санаб бера оласизми? «Лестер» ҳам премьер-лигадаги бир неча мавсумлардаги иштирокидан кейин яна элитага қайтиб, орадан бир мавсум ўтгач, бу ишни қила олди. Аммо АПЛ доим исталган жамоа, исталган рақибни енга оладиган кутилмаган натижаларга бой чемпионат. Лекин Германияда, битта жамоа бир неча йиллар тотал устунлик билан чемпион бўлиб келаётган давлатда дебютант шунақа кароматлар кўрсата олишини мўъжизага қиёслаш мумкин. «Лейпциг» ҳали минтақавий лигада қатнашиб юрганида келгусида «Бавария» билан ўша «кумуш товоқ» учун курашадиган жамоага айланишини бир неча маротаба айтганди. Албатта бу гап биринчи марта қулоққа чалинганда кўплаб мухлислар, мутахассислар кулган бўлиши мумкин. Бироқ бугунги кунга келиб улар ҳам ўз фикрларига ишонмай қўйишди. Мана шундай мақсадлар йўлидаги жамоага нафрат бўлиши мантиқсиздек. Чунки Европадаги чемпионлик учун интригаси энг паст чемпионатга катта рақобат олиб кира олаётгани учун ҳам жамоа ҳурматга лойиқ, мухлисларнинг меҳрига муносиб.

Дитрих Матещиц ҳозир 72 ёшда. Яқинда ў ўзининг 80 ёшлик юбилейини алоҳида тантана билан нишонлаш ниятида экани ва бунинг учун жамоадан муносиб совға кутаётганини таъкидлади. Клубда босснинг истагидан яхши хабардорлар. Айнан шу мақсад йўлида улар ҳаракат қилишмоқда. Аммо 2016-2017 йилги мавсумни «Лейпциг» бу қадар ишончли бошлашини 2024 йилгача бўлган режа ишлаб чиққан жамоа вакилларининг ўзлари ҳам кутмаган бўлиши мумкин барибир. Балки жамоа мавсум сўнггича чемпионлик учун кураша олмас,  ЕЧЛ йўлланмалари ҳақида гапиришга ҳам жуда эртадир, лекин «Шальке», «Вольфсбург» ва «Байер» каби ЕЧЛ учун даъвогарлик қиладиган жамоаларнинг муваффақиятсиз ўйинлари биринчи йилдаёқ мўъжиза содир бўлишига умид бермоқда (балки «Лестер» эртаги каби барчаси яхшилик билан тугар). Бироқ вазифа уддаланмаган тақдирда ҳам Матешиц олдига мақсад қилиб қўйган лойиҳа амалга ошди дейиш мумкин. Қисқа муддатда бугунги даражага етишнинг ўзи бу ҳудуднинг ўзи учун жуда катта натижа. Катта воқеилик. Энди, қўрқмасдан айтиш мумкинки, Лейпциг шаҳри ҳақида гап кетганда биринчи навбатда тимсолида иккита буқа тасвири туширилган жамоа номи биринчи эсланади. Фақат улардан кейин Бах, Вагнер ва Гёте...

Муаллиф: @murodov_

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: