Der Spiegel: Россия терма жамоаси Рио-2016 олимпиадасидан тўла таркибда четлатилиши мумкин

Спорт 19 Июнь 2016 1630

Россиянинг барча спорт турлари бўйича терма жамоалари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган 2016 йилги Ёзги олимпиада ўйинларида иштирок этишдан маҳрум қилиниши мумкин.

Халқаро олимпия қўмитасининг Лозанна шаҳрида 21 июнь куни ўтказиладиган йиғилишида Россия олимпия қўмитаси ва милли олимпия терма жамоасига нисбатан санкцияларни кенгайтириш масаласи кўриб чиқилади.

Германиядаги Der Spiegel нашри хабарига кўра, йиғилиш якунида катта эҳтимол билан Россияни Рио олимпиадасидан бутунлай четлатиш бўйича қарор қабул қилинади.

Бу қарор қомита раҳбари Томас Бах томонидан эълон қилиниши кутилмоқда. Йиғилишда Россия олимпия қўмитаси раҳбари Александр Жуков ҳам иштирок этади.

17 июнь куни Енгил атлетика федерациялари халқаро уюшмаси (IAAF) томонидан енгил атлетика бўйича Россия терма жамоаси 2016 йилги Олимпиададан четлатилди.

Бутунроссия енгил атлетика федерацияси 2015 йил ноябрида дисквалификация қилинган эди. Жорий йилнинг февралида эса 4027 россиялик атлетлар халқаро мусобақалардан четлатилган эди.

Спортчиларнинг мусобақадан четлаштирилишига асосий сабаб уларнинг допингдан фойдалангани бўлди.

Россиянинг қолган терма жамоаларининг Олимпиадада иштирок этиши бўйича қарор 21 июнда Лозаннада Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида қабул қилиниши хабар қилинганди.

Ундан аввалроқ ХОҚ президенти Томас Бах Россияда "ташкиллаштирилган ва ялпи допинг тизими" мавжудлиги ҳақидаги маълумот тасдиқланса, Россия терма жамоаси Олимпиададан четлатилиши мумкинлигини айтганди.

Комментариялар йўқ

Ушбу хабарга ўз фикрингизни билдиринг. Фикр билдириш учун сайт орқали рўйхатдан ўтишингиз керак!

Кўпроқ янгиликлар: