21.02.2020 17:02
6712
Ўқсиз Моур Лэмпардга қарши, мақсадсиз «Сити» «Лестер» меҳмони. Ҳафта ўйинлари анонси

Бу ҳафта еврокубокларнинг плей-офф босқичига старт берилди. Ушбу қизиқарли ўйинлардаги эмоциялар тиниб улгурмай, бугундан миллий чемпионатларнинг навбатдаги турларига старт берилади. Табиийки, бир қатор қизиқарли, эътиборга молик ўйинлар ҳам бор.

ЧЕЛСИ – ТОТТЕНҲЭМ (22 февраль, 17:30)

Англияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш охирги турларгача давом этса керак. Айниқса, «Манчестер Сити»нинг келаси мавсум учун ЕЧЛдан четлаштирилиши мумкинлиги 5-ўринга ҳам имконият яратди ва табиийки, даъвогарлар сонини оширди. Кучли тўртлик учун асосий икки фаворит бўлмиш Лондон жамоалари, негадир, сўнгги ўйинларда муаммоларга ўралашиб қолишди.

Мавсумни ажойиб бошлаган «Челси» ҳатто учинчи ўринга ҳам яқин келганди, лекин сўнгги икки ой Лэмпард учун омадсиз паллага айланди, ҳатто у ёзда истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўла бошлади. «Челси» АПЛдаги сўнгги 14 ўйиндан атиги 4тасида ғалаба қозонди, холос. Клуб ундан олдинги 12 ўйиндан 8тасини ўз фойдасига ҳал қилганди. Жамоа учун ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»дан қабул қилинган мағлубият оғриқли бўлди – шу тариқа 5-8 ўриндаги жамоалар «Челси»га максимал даражада яқинлашиб олишди. Навбатдаги мағлубият жамоани ҳатто олтинчи ўринга ҳам тушириб юбориши ҳам мумкин.

«Тоттенҳэм»нинг ҳам ўз муаммолари бор. Моуриньо келгач жамоа натижалари барқарорлашди, португалиялик мутахассис келганидан буёғига ҳисобласак, «Тоттенҳэм» фақат «Ливерпуль»дан кам очко жамғарган. Лекин эътиборли жиҳат, «тақачилар» фақат кучсизроқ клубларга қарши ишончли ўйнай олишяпти, топ-ўйинларни Жозе Моуриньо мағлуб бўлиб якунлаяпти. Клуб «Манчестер Сити»га қарши ўйиндаги ғалабагача «Ливерпуль», «Челси», «Юнайтед», «Бавария» каби жамоаларга ютқазди, куни-кеча эса, Чемпионлар Лигасида «Лейпциг» Лондондан ғолиб бўлиб кетди.

«Биз ўқсиз урушга чиқдик», – деб изоҳлади ЕЧЛдаги мағлубиятни Жозе Моуриньо. Ростан ҳам, Ҳарри Кейннинг йўқлигини билинтирмай, сермаҳсул ўйин кўрсатиб келаётган Сон Хон Мин ҳам жароҳат олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Январда мос ҳужумчи топа олмаган «Тоттенҳэм» энди олдинги чизиқда Лукас Моурага таянишга мажбур.

«Челси» ниҳоят ўз «ўқи» билан майдонга туша олса керак, катта эҳтимол билан Абраҳам бу учрашувга тайёр бўлади. Шунингдек, Пулишич ва Рубен Лофтус-Чик ҳам машғулотларда қатнашмоқда. Фақат майдон марказида Кантенинг йўқлиги билиниши мумкин. У «МЮ»га қарши ўйинда жароҳат олиб, сафдан чиққанди.

«Тоттенҳэм» чоршанба оқшомида ЕЧЛ ўйинида майдонга тушди, демак рақибига нисбатан жисмоний томондан имконияти пастроқ баҳоланади. Лекин танганинг бошқа томони, «Челси»ни келаси ҳафта «Бавария»га қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Бу ҳам балки дербига тайёрланишда ўзига хос салбий таъсирини ўтказар.

ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР СИТИ (22 февраль, 22:30)

АПЛдаги яна бир марказий ўйин Лестерда бўлиб ўтади. Бу ўйин ғолиби турни 2-ўрин эгаси сифатида якунлайди.

«Манчестер Сити»нинг турнирдаги мотивацияси қолмагандек, биринчидан «Ливерпуль»гача жуда узоқ, иккинчидан, УЕФА ҳатто кучли тўртликдаги ўрин ҳам жамоага ҳеч нарса бермаслиги ҳақида қарор чиқариб, хавф солмоқда. Бор эътиборини «Реал»га қарши ЕЧЛ баҳсларига қаратиши аниқ бўлган Пеп Гвардиола, балки бу ўйинда бироз ротацияга қўл уриши мумкин. Бу ҳам «Лестер» учун ўзига яраша қўшимча имконият.

«Лестер»нинг кучли тўртликдаги ўрни худдики, анча хавфсиз кўринса-да, сўнгги натижалардан келиб чиқсак, бугунги ҳолатни сақлаб қолиш ҳам осон кечмайди. Таъқибчилар барқарорлашаётганидан ташқари, «Лестер»нинг натижалари ҳам аввалгидек ишончли эмас – охирги 5 ўйинда Рожерс шогирдлари атиги бир марта ғалаба қозона олди, холос. Навбатдаги очко йўқотиш «Тоттенҳэм», «Манчестер Юнайтед», «Шеффилд» каби жамоаларни янада яқинлаштириб қўйиши турган гап.

Натижалардаги ёмонлашиш, катта эҳтимол билан Вилфред Ндидининг жароҳатдан ўлиқ тиклана олмаётгани билан боғлиқ. Январь ойи охирларида у тикланиб, сафга қайтди ва «Лестер» «Вест Ҳэм» устидан йирик ғалабага эришди. Кейин жароҳат янгиланди ва қаторасига омадсиз ўйинлар ўтказилди. Нигериялик яримҳимоячининг бу ўйинда ҳам майдонга тушмаслиги ҳақиқатга яқинроқ ва қачон сафга қайтиши ҳам ҳозирча маълум эмас.

«Манчестер Сити» таркибида Давид Сильванинг майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Раҳим Стерлинг тўлиқ спорт формасини тиклаб олгани йўқ. Гвардиола ЕЧЛ ўйини олдидан етакчи футболчисини асраб турса керак.

ШАЛЬКЕ – ЛЕЙПЦИГ (22 февраль, 22:30)

Лестердаги ўйин билан параллел равишда Бундеслигада ҳам қизиқарли ўйин бўлиб ўтади. Шу пайтгача кучли бешликда Германия чемпионати жуда қизиқаётганининг сабабларидан бири – «Бавария» пешқадам эмаслигида эди. Ҳозир мюнхенликлар сафга қайтишди, лекин уларга қаршиликни давом эттира оладиган асосий номзод сифатида «Лейпциг»ни тилга олишяпти.

«Лейпциг» ҳозирда 1 очкога ортда қоляпти, лекин агар бу ўйинда очко йўқотадиган бўлса, ўртадаги фарқ ошиши тайин. Зеро, бу турда ўз майдонида аутсайдерни қабул қиладиган «Бавария» ғалабали серияни давом эттириши эҳтимоли юқори. «Шальке»нинг ҳам бу ўйиндан ўз манфаати бор, албатта. Рурликлар Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда ва кучли тўртлик билан орадаги фарқ 6 очкони ташкил қилиб турибди. Лигада тўрт ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келаётган «Шальке» кучли клубни енгиб, мухлислар олдида «айбларини ювиш»га уриниб кўришади.

Бунинг устига, «Лейпциг»нинг ушбу мавсумдаги уч мағлубиятидан бири айнан «Шальке»га қарши ўйинда содир бўлганини ҳам унутмаслик керак. Фақатгина Форсбергнинг сўнгги дақиқалардаги голи мезбонларни йирик мағлубиятдан сақлаб қолганди, холос. Шу билан бирга, чоршанба оқшомида «Лейпциг» Лондонда қийин ўйин ўтказди. Икки кун ичида жамоа қай даражада тикланади, «Шальке»га қарши ҳам бор имкониятини ишга сола оладими, номаълум.

Таркибларга келсак, «Шальке» таркибида Стамбули, Калиджури, Сане каби футболчилар узоқ муддатга сафдан чиқишган ва улардан умид йўқ. Суат Сардор жароҳатидан фориғ бўлди, лекин у ҳам бу ўйингача тўлиқ спорт формасига кириб улгурмаса керак. Меҳмонлардан эса, Конрад Лаймернинг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир қилиши мумкин. Кевин Кампл, Ибраим Конета каби футболчилар аста секин сафга қайтаётган бўлишса-да, бу ўйинда жамоага ёрдам беришлари сўроқ остида.

РЕАЛ СОСЬЕДАД – ВАЛЕНСИЯ (22 февраль, 22:30)

Турнир жадвалида қўшни бўлган ва мавсум охирида еврокубоклар учун аёвсиз кураш олиб бориши мумкин бўлган икки рақиб бу принципиал баҳсга турлича кайфиятга етиб келишмоқда.

«Реал Сосьедад» Қироллик кубоги ярим финалида «Мирандес»ни кичик ҳисобда бўлса ҳам мағлуб этди ва ғалабали ўйинлар сериясини учтага етказиб олди. Бу ўйинга ҳам бир ҳафта бўлди, демак, «Сосьедад» яхши кайфиятда ва спорт формасида «Валенсия»га қарши ўйинни кутмоқда.

«Валенсия» эса, аксинча, икки ҳафта ичида икки мусобақадаги кураш хавф остида қолди. Аввалига, кубок баҳсида «Гранада»нинг қўли баланд келди. Кейин эса, Ла Лигада юқори ўринлар учун курашдаги асосий рақиблар – «Хетафе» ва «Атлетико» билан ўйинлар омадсиз якунланди. Куни кеча эса, Чемпионлар Лигасида «Аталанта» майдонида йирик мағлубият қайд этилди. Шу тариқа, «Валенсия» ҳам Ла Лигада, ҳам Чемпионлар Лигасида ўзини қийин аҳволга солиб қўйди. Бу ўйиндаги мағлубият эса, Селадес шогирдларини кучли тўртликдан янада узоқлаштириб юборади. Иккинчидан, юқорида эсланганидек, валенсияликлар ЕЧЛ сафарига бориб келишди, демак жисмоний жиҳатдан ҳам мезбонларнинг имкониятлари юқорироқ бўлади.

Таркибларга қарасак, «Сосьедад»да катта эҳтимол билан Аднан Янузай ўйнай олмайди. Етакчи футболчилардан бири Давид Сурутуса жароҳатидан фориғ бўлди ва машғулотларда қатнашишни бошлади, лекин қай даражада тайёр экани маълум эмас. «Валенсия»да йўқотишлар кўпроқ – Эзикел Гарай мавсум охиригача сафдан чиққач, марказий ҳимоядаги асосий роль Габриел Паулистага топширилганди, аммо у ҳам бу сафар жамоага ёрдам бера олмайди. Пиччини ва Коклен ҳам жароҳатланишган, январда жамоа сафига келиб қўшилган Алессандро Флоренци эса, ўтган турда дисквалификация ўтаганди, бу сафар касал бўлиб қолган.

Ушбу жамоаларнинг биринчи даврадаги тўқнашувида 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Сан-Себастянда ўтган охирги икки ўйинда эса, меҳмонларнинг қўли баланд келган. 

АРСЕНАЛ – ЭВЕРТОН (23 февраль, 21:30)

Микаел Артета деганда асосан, «Арсенал»нинг собиқ футболчиси ва «Манчестер Сити»даги Гвардиола ёрдамчисини тушуниб келган бўлсак-да, аслида у бир пайтлар «Эвертон»ни тамсил қиларди. Жамоанинг узоқ йиллик етакчиси ва сардори, АПЛдаги энг кўп учрашувни ҳам кўк кийимда ўтказган, энг кўп голини ҳам шу либосда урган. Унинг қадрдон стадионига рақиб мураббийи сифатида ташриф буюриши ҳам албатта, ўзига яраша эътиборли ҳолат. Қизиғи, Артета «Арсенал» бош мураббийи этиб тайинлангач, жамоанинг илк ўйини ҳам «Эвертон»га қарши сафарда бўлиб ўтган ва ўшанда учрашувни у ҳам ливерпулликларнинг  янги бош мураббийи Карло Анчелотти каби трибунада туриб кузатган, ўйинда ҳисоб очилмаганди.

Умуман, дуранглар бу мавсумда «Арсенал»нинг асосий муаммоси бўлиб турибди. Бир қараганда, Артета жамоаси барча турнирлар доирасида 9 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда, бундай кўрсаткич билан, ҳеч бўлмаса, кучли тўртликка яқинлашиб олиш керак эди. Аммо бу учрашувларнинг 4таси (барчаси АПЛда) дуранг билан якунлангани «Арсенал» ҳамон 10-ўринда боришига сабаб бўлиб қолмоқда.

«Эвертон» эса, ниҳоят Анчелоттининг жамоасига айланиб бормоқда ва мавсум бошидаги йўқотилган очколар ўрни тўлдириляпти. Сўнгги беш ўйиннинг 3тасини ғалаба ва 2 дуранг билан якуналаган «кўклар» АПЛ турнир жадвалида «Арсенал»ни ҳам қувиб ўтишга муваффақ бўлишди. Анчелотти ташриф буюрганига икки ой вақт бўлди ва бу даврда «Эвертон» АПЛ ўйинларида фақат «Манчестер Сити»га, Англия Кубогида «Ливерпуль»га ютқазди, холос. Ҳар икки ўйин ҳам сафарда бўлиб ўтди. Қолган барча ўйинларда жамоа очко олишга муваффақ бўляпти.

Бу ўйинда меҳмонларнинг имкониятларини оширадиган яна бир сабаб шундаки, «Арсенал» Европа Лигаси баҳсида Грецияга сафар қилишга мажбур бўлди. «Эвертон» эса, фақат битта турнирда иштирок этяпти ва табиийки, тетиклик борасида рақибидан устун кўриниши табиий ҳол.

Таркибларга келсак, ҳар икки жамоада ҳам муаммо катта эмас. Мезбонлардан Лукас Торрейрада жароҳат бор ва фақат унинг жамоага ёрдам бера олиши аниқ эмас. Киран Тирни ва январда янги жалб қилинган Седрик Соареш келаси ойда сафга қайтади. Меҳмонлардан Тео Уолкотда жароҳат бор. Узоқ муддатга сафдан чиққан Андре Гомеш эса, кутилганидан ҳам тезроқ тикланиб бормоқда. Унинг бу ўйинда жамоага ёрдам бериши даргумон, лекин жуда яқин келажакда ушбу етакчи футболчини ҳам «Эвертон» таркибида кўриб қолсак ажаб эмас.   

ХЕТАФЕ – СЕВИЛЬЯ (23 февраль, 22:30)

Пепе Бордалас шогирдлари бу мавсумда нафақат Испанияда, балки Европада ҳам кашфиёт жамоалардан бири бўлиши мумкин. Аслида Испанияда «Хетафе» билан ўтган йилданоқ ҳисоблаша бошлашгани аниқ, зеро мадридликлар сўнгги тургача ЕЧЛ ўринлари учун курашган ва якунда фақат Европа Лигаси йўлланмаси билан кифояланишганди. Бу турнирда ҳам «Хетафе» ёмон кўринмаяпти, шу ҳафта 1/16 финалнинг биринчи ўйинида «Аякс» устидан ишончли ғалабага эришилди ва нимчорак финал учун яхши замин ҳозирланди.

Шундай замин Примерода ҳам мавжуд – бу сафар «Хетафе» балки курашни сўнгги тургача тақамоқчи эмасдек. Жамоа ҳозирда турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда ва «Барселона»дан кичик ҳисобда ютқазишдан олдин қаторасига тўрт ўйинни ўз фойдасига ҳал қилганди. Бу ўйинларда Бордалас жамоаси бирорта ҳам гол ўтказмаганини ҳам эътиборга олсак, омадли ўйинлар серияси бу учрашувда ҳам давом этиши мумкин. Бунинг устига, «Севилья» Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда асосий рақиблардан бири саналади. «Хетафе» ва «Севилья» ўртасидаги фарқ атиги 2 очкони ташкил қилмоқда.

Лекин фарқ шундаки, андалусияликлар охирги ўйинларни муваффақиятсиз ўтказишмоқда. Европа Лигасида ЧФР майдонидаги дурангдан сўнг, «Севилья»нинг ғалабасиз ўйинлари сони бештага етди. Қироллик кубоги ўйинида айниқса, қўйи лига вакили «Мирандес»дан қабул қилинган мағлубият Лопетеги жамоасига ярашмаслиги аниқ.

Жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйин ушбу мавсумда, октябрь ойида бўлиб ўтганди ва унда «Севилья» ўз майдонида 2:0 ҳисобида устун келганди. Умуман, сўнгги йиллардаги ўзаро ўйинларга қарасак, «Хетафе» яқин йилларгача ўртамиёна саналган бўлса-да, тенгликни кўрамиз. Сўнгги 10 йилдаги учрашувларда ҳар икки томон ҳам 7 мартадан ғалаба қозонишган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

21 февраль. БАВАРИЯ – Падерборн (22 февралга ўтар кечаси, 00:30)

22 февраль. Вердер – БОРУССИЯ Д (19:30), БАРСЕЛОНА – Эйбар (20:00) СПАЛ – ЮВЕНТУС (22:00), Леванте – РЕАЛ (23 февралга ўтар кечаси, 01:00), Фиорентина – МИЛАН (23 февралга ўтар кечаси, 00:45)

23 февраль. Женоа – ЛАЦИО (16:30), АТАЛАНТА – САссуоло (19:00), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Уотфорд (19:00), РОМА – Лечче (22:00), ИНТЕР – Сампдория (24 февралга ўтар кечаси, 00:45), АТЛЕТИКО – Вильяреал (24 февралга ўтар кечаси, 01:00), ПСЖ – Бордо (24 февралга ўтар кечаси, 01:00)

24 февраль. ЛИВЕРПУЛЬ – Вест Ҳэм (25 февралга ўтар кечаси, 01:00)

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар