21.02.2020 21:24
11867
Теглар
«Барса» аутсайдернинг ягона форвардини сотиб олди. Нега?

Испания чемпионатида ноодатий воқеа кузатилди - қишки трансферлар даричаси ёпилганига анча бўлганига қарамасдан «Барселона» янги футболчи сотиб олди - «Леганес»нинг асосий ҳужумчиси Мартин Брейтуэйт энди каталонияликлар клуби аъзоси. Қуйида ушбу трансфер атрофидаги можаро ҳақида.

Январь хатоси
Январь ойида «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес тиззасидаги жароҳати (тизза пайининг ой ўроғи шаклидаги ички ва ташқи тоғзайлари шикастланган) туфайли операция қилинди. Аввалига у ушбу жароҳат туфайли 6 ҳафта ичида майдонга қайтиши кутилганди, аммо вазият кутилганидан оғирроқ бўлиб чиқди. Суарес аввал ҳам бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, у 33  ёшда ва энди унинг организми 23 ёшидаги каби тиклана олмайди. Қисқаси, Суарес май ойига қадар сафдан чиқди.

Ҳали қишки трансферлар ойнаси очиқ эди, аммо ҳеч бир клуб мавсум ўртасида кучли ҳужумчиси билан хайрлашишни истамасди («Барселона»га эса айнан юқори савияли ҳужумчи керак эди). Кўк-анорранглилар «Интер»дан Лаутаро Мартинесни, «Валенсия»дан Родригони ва ҳатто «Арсенал»дан Пьер-Эмерик Обамеянгни сотиб олмоқчи бўлишди. Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «Барса» барибир янги ҳужумчи трансфер қилди — «Брага»га қанот ҳужумчиси Тринкау учун 31 миллион евро тўланди. Аммо бу футболчи Каталонияга фақат ёзда келиши мумкин. «Биз ҳозир қайсидир ҳужумчини сафга қўшиб олмасликка қарор қилдик, — деди январь охирида «Барселона» директори Гильермо Амор. — Агар трансфер жамоани кучайтира олмаса, бундай хариддан фойда йўқ».

Дембеленинг навбатдаги жароҳати

Бу узоқни кўра билмасдан чиқарилган қарор бўлиб чиқди. Суарес йўқлиги каталонларга мавсумнинг қолган қисмида билиниши тайин эди. Форвард етишмовчилиги жамоа ўйинида акс эта бошлади: 6 февраль куни «Барселона» Испания Кубоги чорак финалида «Атлетик» дарвозасига гол ура олмади ва ўйин охирида гол ўтказиб турнирни тарк этди. Ўша куни ҳужум чизиғида асли ҳимоячи бўлган Сержи Роберто ҳаракат қилишга мажбур бўлди.

«Атлетик» билан ўйинга икки кун вақт қолганида «Барса»нинг энг нозик футболчиси Дембеле яна жароҳат олди. Француз ноябрь ойида олган жароҳатини тузатаётганди, аммо февраль ойидаги машғулотлар вақтида бел қисмини шикастлаб олди. Шифокорлар текширувлардан сўнг у яна беш ой футбол ўйнай олмаслигини айтишди.

Каталонлар ихтиёрида атиги икки нафар «тоза» форвард қолди — Месси ва Гризманн. Ёш Фати ҳам бор, аммо, у ҳали 17 ёшда, қолаверса у ўйин услубига кўра ҳужумчидан кўра қанот яримҳимоячиси. Кике Сетьен ҳали жамоада ўз ўйин схемасини танлай олгани йўқ, жамоа ўз одатига кўра 4-3-3 схемасида ҳаракат қилиб келмоқда. Бу ҳолатда форвард етишмовчилиги яққол билинади.

Қутқарувчи қоида
Каталонлар бахтига, Ла Лига регламентида «лазейка» мавжуд. Унга кўра, клубларга махсус мурожаат асосида трансферлар даричасидан ташқарида ҳам бир футболчи сотиб олиш имкони берилади, бунинг шартлари бор. Биринчидан, бу қоида фақат форс-мажор ҳолатларида қўлланади, битта амплуада ҳаракатланувчи бир неча муҳим футболчи жиддий жароҳат олган бўлиши керак. Иккинчидан, фақат Испания чемпионатида тўп сураётган ёки эркин агент бўлган футболчини таркибга қўшиб олиш мумкин. Marca нашри аввалига «Барселона» уч футболчи вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди: Кристиан Стуани («Жирона»), Виллиан Жозе («Реал Сосьедад») ва Лорен Морон («Бетис»).

Аммо бу клублар билан музокараларни мураккаблаштирувчи жиҳат бор эди - бу клубларга қишки трансферлар даричасидан ташқари янги футболчи сотиб олишга рухсат берилмасди, яъни улар ўз асосий ҳужумчиларини «Барселона»га сотишса, бу ҳужумчига ўринбосарни фақат клуб ичидан қидиришга тўғри келарди. Натижада, бу клубларнинг ҳеч бири асосий ҳужумчисини «Барса»га беришни истамади ва каталонлар бутун Испания бўйлаб футболчи қидиришни давом эттирди. Ниҳоят топилди ҳам.

«Леганес»дан суперклубга

Ҳафта бошида Испаниядаги бир неча йирик нашрлар «Барселона» «Леганес»дан Мартин Брейтуэйтни сотиб олиши ҳақида ёза бошлади. Кўк-анорранглилар январь ойида форвард олмасдан ўзларини бурчакка тақаб қўйишди.

20 февраль куни трансфер ҳақида расман эълон қилинди. Футболчи «Барселона»нинг аксар янги харидлари каби «Камп Ноу»да ҳаяжонланди.

Мартин Брейтуэйт 28 ёшда

Даниялик ушбу ҳужумчи бир неча йил аввал Франция чемпионати юлдузи эди, «Тулуза» сафида ҳаракат қилган футболчи бир неча мавсум давомида (2013-2017) чемпионат тўпурарлари қаторида юрди. Кейин уни Англияга олиб кетишди, чемпионшип вакили «Мидлсбро»да эса унинг ўйини қовушмади. 2017-2018 йилги мавсумда инглизлар клуби сафида биринчи даврадаги 19 ўйинда 5 гол урган футболчи 2018 йил январида Францияга қайтарилди ва «Бордо» сафида ижара асосида ҳаракат қилди. 2018-2019 йилги мавсумнинг биринчи даврасида атиги уч гол урган футболчи 2019 йилнинг январида «Леганес»га ижарага берилди. Ўтган мавсумда янги жамоаси сафида 19 ўйинда майдонга тушган футболчи 4 гол уриб, 6 голга ҳаммуаллифлик қилди ва ўзини яхши томондан кўрсатди. Испанлар уни ёзда сотиб олишга қарор қилишди. Жорий мавсумда эса у жамоаси учун 6 гол урган, битта голли пас берган, аммо сўнгги етти ўйинда майдонни голсиз тарк этган. Уни «Барселона» даражасидаги ҳужумчи дейиш мумкинми?

• Брейтуэйт – Ла Лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Леганес»нинг асосий тўпурари ва муҳим футболчиси (барча 24 турда майдонга тушган ва 6 гол урган), жамоа айни вақтда турнир жадвалида 19-ўринда бормоқда.

• «Барса» даниялик футболчи учун 18 миллион евро тўлади – бу унинг шартномасида кўрсатилган бадал пули. «Леганес» «Барселона» қизиқиши ҳақида хабарлар тарқала бошлаганида трансфер бўйича музокаралар ўтказишдан бош тортганди.

• «Леганес» ҳозир жуда қийин аҳволда қолди: Мадрид яқинидаги ҳудуд шарафини ҳимоя қилувчи кичик клуб ўз тарихида Примерадаги тўртинчи мавсумини ўтказмоқда, Ла Лига эса бу клубга Брейтуэйт учун ўринбосар сотиб олишга рухсат бермади. Трансферлар ойнасидан ташқарида клубдан футболчи олиб кетишлари мумкин, аммо клубнинг ўзи бошқа футболчи сотиб ололмайди.

Қолаверса январь ойида «Севилья» қашшоққина «Леганес»дан бошқа бир тўпурар футболчиси – 22 ёшли марокашлик ҳужумчи Юссуф Ан-Несирининг товон пулини тўлаган ҳолда олиб кетганди. 

• Футболчиси кетганини эълон қилар экан, «Леганес» Ла Лиганинг трансферга таъсирини қайд этди.

«Биз бу масалани кўтаришни хоҳлаймиз. Биз ўзимизга жиддий ва катта зарар берадиган вазиятга тушиб қолдик. Биз ҳозирги қоидани тушуна олмаяпмиз, футболчиси жароҳат туфайли узоқ вақтга сафдан чиққан клуб бу амалиётни бир томонлама тартибда ўтказиб, ўз муаммосини бошқа клубга юкламоқда.

Бу қоида клубларнинг икки томонлама розилиги асосида қўлланганида тушунган бўлардик, аммо ҳозирги қоида клублар тенглигига зид келмоқда. Биз бу вазият туфайли келган таърифлаб бўлмас даражада катта зарарни камайтириш учун охиригача боришга тайёрмиз. Биз бенефициари «Барселона» бўлган, жабрланувчи эса – «Леганес» бўлган мазкур қоидани адолатсиз деб ҳисоблаймиз», – деди клуб бош директори Мартин Ортега.

• Испаниядаги асосий спорт нашрларидан бири бўлган Marca нашрида муҳаррир Роберто Паломар колонкасида танқидий материал босилди. «Албатта, муайян қоидалар бор. Аммо охир-оқибат, клуб нима қилишни ўзи ҳал қилади. «Барселона» одоб ва этика қоидаларига амал қилмади. Қоидалар улар томонида бўлсада, бу ҳаракати билан «Барселона» от ўғрилари даврини ёдга солмоқда.

Гап қоидаларга амал қилишда эмас, балки принципсиз клубга айланмаслик ҳақида кетмоқда. Гап «Барселона»нинг аҳмоқона режалаштиришида эмас, гап ҳурмат қилиш ва обрўни сақлаш ҳақида. Бу трансфердан кейин бутун дунё «Барселона» ҳақида нима деб ўйлайди? Бундан кейин футбол жамоатчилиги уларни ҳурмат қилади деб ўйламан. Бу спорт нуқтайи назаридан шубҳали, молиявий нуқтайи назардан эса аҳмоқона трансфер. Аммо асосийси – ахлоқий принциплар», – дея ёзди журналист.

• Афтидан, Брейтуэйтнинг кетиши клуб тақдирини ҳал қилади: «Леганес»да энди ягона марказий форвард Гидо Каррильо қолди, аммо у майдонга жуда кам тушади ва бу мавсумда гол урмаган. Брейтуэйт ва Ан-Несирини ҳисобга олмаса, «Леганес»нинг атиги тўрт футболчиси Ла Лигада гол урган – улар жами 8 гол уришган, шундан 5та гол ҳавбек Оскар Родригес ҳисобига ёзилган.

• Мартин Брейтуэйтнинг агенти Али Дурсун ҳисобланади. У Френки де Йонгнинг Каталонияга келишини таъминлаган агентлик вакилидир. «Барса»га де Йонг билан бирга Дурсуннинг ўғли Майк ван Бейнен ҳам олиб келинди, у иккинчи жамоада ҳам бирорта ўйинда майдонга тушмади ва қишда «Генчлерберлиги» клубига ижарага берилди.

• Айтиш керакки, каталонияликлар клуби режалаштиришда «қовун туширди». Суарес жароҳат олган бўлсада «Барселона» ёш марказий ҳужумчи Абел Руисни («Барса» тарбияланувчиси) «Брага»га кейинроқ 8 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага бериб юборди («Леганес» Бретуэйтни «Мидлсбро»дан 5 млн еврога сотиб олганди), шунингдек, ҳар икки қанотда ўйнай оладиган ва жорий мавсум бошида жамоа жонига оро кирган вингер Карлес Перес «Рома»га бериб юборилди. «Барса»нинг мантиғи ўзига хос: 31 январь куни талантли форвард бошқа клубга бериб юборилди, бир неча ҳафта ўтиб мажбурликдан футболчи сотиб олди.

• Брейтуэйт, катта эҳтимол билан, ёзда клубга керак бўлмай қолади: Суарес жароҳатидан тикланади, Дембеле ҳам қайтади. «Барса» Дурсун билан музокаралар вақтида Брейтуэйт – шошилинч вариант эканини яшириб ўтирмади, агар унинг ўйинлари каталонияликлар раҳбариятида таассурот қолдиролмаса, ёзда сотувга қўйилади. Лекин «Барселона» у учун сарфланган 18 млн еврони қайтариб олмаслигини тушуниб турибди.

Дурсун каталонияликларни ёзда ушбу футболчига харидор чиқишига ишонтирган. Унинг айтишича, қишки трансферлар вақтида «Леганес»га Брейтуэйт бўйича АПЛнинг бир неча клуби таклиф билан чиққан. Лекин «Леганес» ҳужумчисини сотишни истамаган.

• Каталониядаги Diario Sport нашри ўтказган сўровга кўра, сайт фойдаланувчиларининг 89 фоизи Брейтуэйт трансферидан норозилигини билдиришган ва бу трансферни аҳмоқлик деб аташган. Нашр колонкасида эса футболчига «даниялик Роналдо» деб ном берилганди.

• Бу вазиятдан фақат «Мидлсбро» ютиши мумкин: клубга ушбу трансфердан 4,5 млн евро тегади – инглизлар клуби футболчининг қайта сотувидан улуш олишмоқда. Англияликлар ёзда ҳам футболчи трансфери 5 миллион евро олишганди. Улар ўшанда 28 ёшли марказий форварднинг баҳоси икки баробар ошишини кутишмагани аниқ.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар