01.08.2024 22:33
15740
Теглар
«Бу мен учун мағлубият эмас!». Италиялик боксчи тестостерони юқори рақибига қарши жангни давом эттиришдан бош тортди

Париж-2024 бокс бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда Олимпиада тарихидаги энг можароли воқеалардан бири юз берди.

Нима бўлди?

Аёллар ўртасидаги бокс баҳсларида -66 кг вазн тоифасидаги италиялик Анжелина Карини 1/8 финал доирасида жазоирлик Иман Ҳалифга қарши баҳснинг биринчи раундида жангни тўхтатишга қарор қилди. Карини Халифнинг кучли зарбасидан сўнг 45-сониядаёқ учрашувни давом эттиришдан бош тортди. Италиялик боксчи қиз мураббийларга жангни давом эттира олмаслигини тушунтириб, рингни кўзда ёш билан тарк этди. Ҳалиф эса жанг ғолиби деб топилиб, чоракфиналга йўлланма олди. Анжелина эса бундай рақибга қарши жанг қилиш ўрнига Олимпиадани тарк этишни афзал билди.

«Даҳшатли оғриқни ҳис қилдим, давом эттиришни истамайман»

Италиялик боксчи тестостерони юқори бўлган рақибига қарши жангни давом эттиришдан бош тортгач, мағлубиятни тан олмаслигини айтди.

«Мен учун бу мағлубият эмас. Бу ерда бўлиш, Олимпиада баҳсида рингга чиқиш мен учун шараф», - дейди Карини жангдан кейин.

La Gazzetta dello Sport’нинг қўшимча қилишича, Карини биринчи рауддан кейин: «Даҳшатли оғриқни ҳис қилдим, давом эттиришни истамайман», - деган. У рингни тарк этгач, рақибига қўл узатишни истамади ва «Бу адолатсизлик!», - дея бақирган 25 ёшли италиялик боксчи.

Иман Ҳелиф ким?

24 ёшли жазоирлик Иман Ҳелиф аёллар боксидаги энг можароли спортчилардан бири саналади. 2023 йилги жаҳон чемпионатида Иман россиялик Азалия Аминевани мағлуб этиб, финалга чиққач, AIBA уни ДНК-тест топширишга мажбур қилган ва якунда жазоирлик боксчида ХY-хромосомалар аниқланиб, унинг тестостерони юқорилиги аниқланган. Шу тариқа, у «физиологик эркак» деб топилиб, жаҳон чемпионатидан дисквалификация қилинган эди.

Шунга қарамай, жазоирлик Иман Ҳелиф барча айбловларни рад этиб, ўзининг четлатилишини адолатсиз қарор деб ҳисоблайди.

МОҚ нима дейди?

Миллий Олимпия Қўмитаси AIBAнинг Иман Ҳелиф бўйича қарорини тан олмайди. Ташкилот жазоирлик спортчини аёл деб ҳисоблайди, шу боис унинг аёллар ўртасидаги баҳсларда иштирок этишига рухсат берилган.

ХОҚ расмийси Марк Адамс яқинда Ҳелиф масаласига тўхталиб, тестостерон тести инсон жинсини аниқлашнинг идеал усули эмас деб ҳисобламаслигини айтди.

«Ҳелиф мусобақаларда кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, у анчадан буён турнирларда иштирок этиб келмоқда. Иман Токио Олимпиадасида ҳам қатнашган», - дея тортишувлар асоссизлиги ва қайта текширувларга ҳожат йўқлигига ишора қилган ташкилот расмийси.

Аммо Каринининг жангни тўхтатгани атрофидаги шов-шувлар бу борада яна қандайдир бошқача текширувлар зарурлигини кўрсатмоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар