02.05.2024 22:01
4580
Аббосбек Файзуллаев Россияда мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин 

Россия Премиер Лигаси уни энг яхши футболчи бўлиш учун номзодлар рўйхатига киритди. 

Россия Премиер Лигаси 2023/2024 мавсумининг энг яхши футболчиси бўлишга номзодларни эълон қилди. 32 футболчидан иборат рўйхатда Ўзбекистон миллий жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев ҳам бор. 

2-13 май кунлари мухлислар ўртасида сўровнома ўтказилади. Шундан сўнг, номзодлар рўйхатида 10 футболчи қолади. Ғолиб махсус комиссия томонидан саралаб олинади. Унинг таркибига клублар мураббийлари ва сардорлари, «Матч ТВ» экспертлари, машҳур футболчилар, лига раҳбарияти ва ҳомийлар вакиллари кирган. Соврин 26 май куни топширилади. 

Ўтган мавсумда «Зенит» ҳужумчиси Малком Россия Премиер Лигасининг энг яхши футболчиси, ЦСКА устози Владимир Федотов энг яхши мураббий бўлган эди. 

20 ёшли Аббосбек Файзуллаев «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023 йил август ойида ЦСКА клубига ўтди. Яримҳимоячи учун ЦСКА «Пахтакор»га 500 минг евро тўлагани хабар қилинди. Файзуллаевнинг амалдаги келишуви 2025 йилга қадар расмийлаштирилган. 

Файзуллаев 2023 йил март ойида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги U20 турнири қаҳрамонларидан бирига айланиб, Ўзбекистон U20 жамоаси билан қитъа чемпионлигини қўлга киритиб, турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва ассист муаллифига айланганди. 

Шунингдек, Аббосбек Файзуллаев Қатарда ўтказилаётган Осиё кубоги U23 турнирида Ўзбекистон терма жамоасининг Париж-2024 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшди. 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар