Англия термасининг собиқ бош мураббийи Осиё кубоги дебютантига устозлик қилади
Oct. 27, 2018, 2:32 p.m. 3052

Англия терма жамоасининг собиқ устози Свен-Йоран Эрикссон Филиппин терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.

ФИФА матбуот хизматининг маълум қилишича, 70 ёшли мутахассис билан 6 ойлик шартнома имзоланган. Филиппин футбол федерацияси раҳбарияти ушбу тайинлов терманинг Жануби-шарқий Осиё чемпионати ва Осиё кубогидаги имкониятларини оширади, деб ҳисобламоқда. Швециялик мураббийга янги лавозимда ирландиялик ҳамкасби Скотт Купер ассистентлик қилади.

Свен-Йоран Эрикссон 2001-2006 йилларда Англия термасини бошқарган, турли йилларда Мексика ва Кот-д`Ивуар терма жамоалари бош мураббийи бўлган. У клуб футболида «Бенфика», «Рома», «Лацио», «Манчестер Сити» ва «Лестер» каби жамоаларга устозлик қилган. Мураббийнинг сўнгги йилларда Хитой клубларида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Филиппин термаси Осиё кубоги дебютанти ҳисобланади. Жамоа БАА-2019 да плеф-офф босқичига чиқиш учун Жанубий Корея, Хитой ва Қирғизистон термалари билан кураш олиб боради.