Гус Ҳиддинк Хитой олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди
Sept. 8, 2018, 8:57 a.m. 1208

Таниқли нидерланд мутахассиси Гус Ҳиддинк Хитой олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Хитой футбол ассоциацияси ҳозирча бу ҳақда расман маълум қилмаган бўлса-да, мураббийнинг ўзи бу маълумотни тасдиқлаган.

«Мен амалда нафақага чиқиб бўлгандим, бироқ бу жуда яхши иш бўлиб кўриняпти», - деган 71 ёшли мураббий.

Ҳиддинкка 2020 йили Токиода ўтадиган ёзги Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш вазифаси юклатилган. China.org`нинг ёзишича, ушбу вазифа муваффақиятли адо этилган тақдирда, Токио Олимпиадасидан сўнг у миллий терма жамоани қабул қилиб олиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Хитой миллий терма жамоасига 2 йилдан буён италиялик мураббий Марселло Липпи устозлик қилмоқда.

Хитой матбуотидаги хабарларга қараганда, Ҳиддинкнинг маоши солиқларни ҳисобга олмаганда йилига 4,7 миллион долларни ташкил этади.

Гус Ҳиддинк мураббий сифатида Нидерландия, Жанубий Корея, Австралия, Россия ва Туркия каби мамлакатларнинг миллий термаларини, клублардан эса «Челси», «Реал», «Валенсия» ва ПСВ каби жамоаларни бошқарган. У 2002 йилги Жаҳон чемпионатида Жанубий Корея термасини ярим финалга қадар бошлаб боргани билан Осиё футболида ўз изини қолдирган.