Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган «Бухоро» - «Олимпик» учрашувида (0:1) баҳс бош ҳаками 90+10-дақиқада пенальти белгилади ва бу учрашув натижасига таъсир қилди.
Ушбу ҳолат юзасидан ЎФА махсус инспекцияси ҳакам билан текширув ўтказди.
«Ўрганишлар давомида бош ҳакам Комилжон Расулов ВАР такрорларини кўриш учун монитор олдига келган вақтида бутун бошли «Бухоро» жамоасининг мураббийлар штаби ҳамда захира ўйинчилари унга халақит бериб, турли куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлагани маълум бўлди. Шу туфайли бош ҳакам ВАР мониторини кўриб, хато қилаётганини билса ҳам, ҳиссиётларини жиловлай олмасдан «Бухоро» дарвозасига пенальти белгилаган. Комилжон Расулов ўз тушунтириш хатида бор ҳолатни ёзиб ўтиб, ЎФА ва ЎзФҲМ раҳбариятидан, «Бухоро» жамоаси мухлисларидан билиб туриб қилган нотўғри қарори учун узр сўрашини билдирган.
Аниқланган ҳолат юзасидан келтирилган барча далилларга кўра, бош ҳакам Комилжон Расулов қоидаларга зид қўпол хатоси туфайли Ҳакамлар тартиб-интизом кодексининг 4.3-бандига мувофиқ футбол ҳакамлигидан умрбодга четлатилди», — деб ёзади УЗФҲМ.