Суперлига 23-тури доирасида «Нефтчи» Тошкентда «Бунёдкор»га аламли тарзда мағлубиятга (1:2) учради. Ўйиндан кейин Фарғона клуби бош мураббийи Виталий Левченко ҳакамларнинг хатолари, «Нефтчи»ни тўхтатишга уринишлар, жамоасини чемпионлик курашидан чиқариб юборишганини маълум қилди.
«Ўйин ҳақида ортиқча изоҳ беришни истамайман. Бугун майдонда рўй берган аксарият нарсаларни тушунтириб бўлмайди. Ҳакамлар вазиятларни қандай малакалайди ва қандай қарорлар чиқаради, тушунтириш қийин. Мен ҳаммасини-ку тушунаман, аммо сизга ҳеч нарса айта олмайман. Футболни тушунадиганлар нималар бўлаётганини билиб ўтиргандир. Бошқа изоҳ бера олмайман.
Апелляция? Бу 3 очкони қайтариб берадими? Нимани ўзгартиради? Ўйин бошқадан ўтказиладими? Одамлар кўрми? Ҳакам кўрми ёки VARдагиларнинг кўзи ожизми? Ёки қанотдагилар кўрми? Айтаяпманку, футболни тушунадиган инсон борки, ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Мен ҳам буни анча олдин тушунганман. Шунчаки, бу ҳақда гапиришни истамайман ва бу орқали кимгадир ҳаммасини тўнкашни хоҳламайман.
«Нефтчи» ҳакамлар қурбони бўляптими? Бу ҳолат бугун бошлангани йўқ. Фақат «Андижон» эмас, «Бухоро» билан ўйиндаги пеналти, ОКМК билан ўйиндаги қизил карточка. Бу вазиятларни қандай изоҳлаш мумкин? Саволларим кўп, аммо жавоб топа олмайман.
- «Нефтчи» Суперлига чемпионлиги учун курашдан чиқди, деса бўладими?
- «Нефтчи»ни чемпионлик курашидан чиқариб юборишди...
«Нефтчи»ни ким тўхтатмоқчилигини биламан, бу ишларда ким турганини биламан, бироқ сизга айтмаяпман. Аммо кейинчи?
Cизга «Нефтчи»ни тўхтатиб қолиш керакми? Майдонга чиқинг, футбол ўйнанг, футболни майдонда ўйнаш керак, шахматда эмас», - дейди «Нефтчи»нинг тожикистонлик мураббийи Виталий Левченко Тошкентдаги ўйиндан кейин.
Маълумот учун, ушбу баҳснинг 27-дақиқасида фарғоналиклар яримҳимоячиси Диёр Туропов майдондан четлатилган бўлса, 90+5-дақиқада тўп рақиб ўйинчиси қўлига теккач, бош ҳакам «Бунёдкор» дарвозасига пенальти белгиламади ва ҳужумга ўтган мезбонлар ғалаба голини киритишди.