Анвар ал-Ғозий Исроил-Фаластин можароси ҳақидаги фикрлари учун клубидан четлаштирилди.
«Бу уруш эмас. Бир томон иккинчисининг сув таъминотини, электр энергиясини узиб қўйса ёки уларни озиқ-овқатдан маҳрум қилса, бу уруш эмас. Бир томон ядровий қуролга эга бўлса, бу уруш эмас. Бир томон миллиардлаб доллар олса, бу уруш эмас. Кимдир дезинформацияни тарқатиш учун сунъий интеллект томонидан яратилган тасвирлардан фойдаланса, бу уруш эмас. Ижтимоий тармоқлар фақат бир томонни цензура қилса, бу уруш эмас.
Бу можаро ёки уруш эмас. Бу — геноцид ва оммавий қирғин ва биз буни жонли томоша қиляпмиз», — деб ёзган «Майнц» футболчиси ва матнни Фаластиннинг озод этилиши ҳақидаги шиор билан якунлаган.
28 ёшли яримҳимоячи билан бир ой олдин шартнома имзолаган «Майнц» бунга муносабат билдирди ва Анварни қўйиб юборишга қарор қилди.
«Майнц» Анвар ал-Ғозийни машғулотлар ва ўйинлардан озод қилади. Бу футболчининг якшанба оқшомида ижтимоий тармоқларда қўйган пости сабаблидир.
Футболчи Яқин Шарқдаги можарога нисбатан ўз позициясини билдирди, бу клуб учун қабул қилиниши мумкин эмас. Четлатиш олдидан директорлар кенгаши ва футболчи ўртасида батафсил суҳбат бўлиб ўтди.
«Майнц» бир неча ўн йиллардан бери давом этаётган мураккаб Яқин Шарқ можароси бўйича турли нуқтайи назарлар мавжудлигини ҳурмат қилади. Бироқ бундай ҳолатлар клуб қадриятларига тўғри келмайди», — дейилади жамоа сайтида.