18-21 апрел кунлари Ўзбекистон Суперлигасида 6-тур баҳслари бўлиб ўтди. Tribuna.uz тур якунларига кўра, эътиборга молик 10 воқеани саралади.
Мухлислар ташрифи: Фарғона ва Андижонда энг кўп
6-тур доирасида кечган 8 ўйинда жами 42 450 нафар мухлис учрашувларни бевосита стадиондан кузатиб борди. Ўртача ҳисобда эса ҳар бир ўйинга 5 306 нафардан тўғри келади. Фарғонадаги «Нефтчи» - «Пахтакор» (0:4) учрашувига 15 500 нафар мухлис ташриф буюрди ва турнинг энг кўп мухлис тўплаган ўйини бўлди. Самарқандда ёмғир остида бўлиб ўтган «Қизилқум» - «Қўқон-1912» (1:0) ўйинига эса 255 нафар томошабин кирди ва ушбу турдаги энг кам мухлис кирган ўйин бўлди.
«Нефтчи» - «Пахтакор» 0:4. 15 500 томошабин
«Андижон» - «Динамо» 1:2. 14 007 томошабин
«Сурхон» - «Навбаҳор» 1:0. 8457 томошабин
«Бухоро» - «Насаф 1:3. 1537 томошабин
ОКМК – «Сўғдиёна» 3:2. 1315 томошабин
«Хоразм» - «Бунёдкор» 0:0. 792 томошабин
«Шўртан – «Машъал» 0:1. 587 томошабин
«Қизилқум» - «Қўқон-1912» 1:0. 255 томошабин
Голлар
Суперлига 6-турида кечган 8 ўйинда жами 17 та гол урилди. Эътиборли жиҳати шуки, аввалги 5-турда ҳам худди шунча тўп дарволардан жой олганди. «Бунёдкор», «Шўртан» ва «Хоразм» 5 ва 6-турларда гол ура олмади.
Мазкур турда мезбон жамоалар 7 маротаба тўп киритган бўлса, қолган 10 та гол меҳмонларнинг ҳисобига ёзилди. Энг сермаҳсул ўйин сифатида Олмалиқда кечган ОКМК – «Cўғдиёна» учрашувини кўрсатиш мумкин. Стадионга тўпланган мухлислар шу куни 5 та голнинг гувоҳига айланишди.
«Хоразм» «Бунёдкор»га қарши илк марта очко олди
Бу мавсумда жамоалар ўзлари учун кўпгина нохуш анъаналарга барҳам беришмоқда. Худди шундай ҳолат «Хоразм» - «Бунёдкор» учрашувида ҳам кузатилди. Ҳаким Фузайлов шогирдлари «қалдирғочлар»га қарши ўйинлардаги илк очкосига эга бўлишди. Бу ўйинга қадар жамоалар 4 маротаба тўқнаш келишган. Барчасида тошкентлик футболчиларнинг қўли баланд келганди.
Тур сенсацияси: Чемпионликни мақсад қилган жамоа 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди
«Нефтчи» Суперлигада 15 ўйиндан бери ютқазмаётган, таркиб жиҳатидан энг қиммат жамоалардан бирига айланган ва ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўйган. Ҳозирги кунда Суперлигада энг қиммат таркибга эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас. «Пахтакор» эса мавсумни омадсиз бошлади. ОКМК, «Динамо», «Сўғдиёна» ва «Андижон»га ютқазиб қўйиб, барчани ажаблантираётганди. Ўйиндан олдин фарғоналикларнинг устунлиги айтилаётганди. Аммо ўйиннинг дастлабки бўлими «Нефтчи» учун даҳшатли тушга ўхшади. Элдор Суюновнинг ҳам хатолари сабаб «шерлар» 4 маротаба гол уришди. Умар Адҳамзода ўйинда дублга эришди. Риаскос ва Сергеев ўз номини таблога ёздириб қўйиб, тур сенсацияни намойиш этди.
Ноаниқ пеналтилар сони
Бу мавсум Суперлигада ноаниқ пеналтилар сони 10 тага етди. Ортда қолган 6 турдан жами шунча пеналтидан футболчилар фойдалана олмади. Энг кўп «Сурхон» ва «Хоразм» - 2 тадан. Шунингдек, ОКМК, «Бунёдкор», «Насаф», «Динамо», «Навбаҳор» ва «Сўғдиёна» жамолари эса бир маротабадан нуқтадан адашишган.
«Динамо» 10 йилдан сўнг «Андижон»дан ғалаб билан қайтди
«Бобур арена»да кечган драматик ўйинда самарқандликлар 90+15 дақиқада гол уриб, ғалабани илиб кетди. Бу муваффақият «Динамо» учун муҳим ҳисобланарди. Чунки Абрамов шогирдлари 10 йиллик танаффусдан сўнг «Андижон»дан устун келди ва 4-ўринга кўтарилди. Мазкур қарама-қаршилик чемпионат ўйинлари тарихида 44 марта тўқнаш келган. Самарқанд клуби ўзаро баҳсларда 18та ғалабага эришган бўлса, Андижон жамоаси 16 ўйинда ғолиб бўлган. 10 ўйинда кучлар тенг келган – дуранг. Натижада «Динамо»нинг ғалабалар сони 19тага етказиб олди.
Андижонда мухлислар ҳакам ва оператор бошини нишонга олишди
Андижондаги ўйин турнинг энг асабий баҳсига айланди. Ўйинда ҳисобни очган «Динамо» ҳимоячиси Улуғбек Абдуллаевнинг боши ёрилди. Тўп учун курашда андижонлик футболчи тирсаги билан рақибининг боши қонашига сабаб бўлди. Стадиондаги аксарият мухлислар меҳмонлар футболчиси вақтни чўзаяпти дея ўйлаб унинг шаънига номақбул сўзлар ишлатиб ҳайқиришгач, боши қонаган Абдуллаев майдонни тарк этаётганда уларга жавоб беришга урингани марказий сектордаги мухлисларни бадтар асабийлаштирди. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланишга яқин бош ҳакам ўзи белгилаган пеналтини андижонликлар ўйинчисининг симуляциясини ВАРда текшириб 11 метрлик нуқтани бекор қилган бўлса, 90+5-дақиқада мезбонларнинг голи офсайд ҳолати сабабли инобатга олинмади. Унгача мухлислар томонидан отилган тош қанот ҳакамининг боши ёрилишига сабаб бўлди. «Динамо» 90+15-дақиқада гол ургач, ҳакам ВАРни 6 дақиқа эшитди ва чизиқлар тортилгач, голни бекор қилиш учун асос кўрмади ва майдон марказини кўрсатиб, якуний ҳуштакни чалди – 1:2.
Аламли тарздаги мағлубиятдан кейин ўйингоҳ жунбушга келганди ва ҳакамлар майдонни тарк этар чоғида уларга қарата яна турли буюмлар улоқтирилди. Оқибатда ўйинни трансляция қилаётган МТРК видеооператорларидан бири бошидан жароҳат олди. ЎФА ва ПФЛ Андижондаги воқеа бўйича тез орада қарор қабул қилиши кутилмоқда. Афсуски, аксарият мухлислар касрига стадион камида битта ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин.
Ғалаба қозона олмаётган «Шўртан»
Чемпионатнинг ортда қолган 6 ўйинида Анвар Бердиев шогирдлари ҳамон ғалаба қозона олмаётган ягона иштирокчи бўлиб турибди. Хаттоки, Ўзбекистон Кубоги 1-турида ҳам дуранг натижа қайд этишди. Ғузор таркиби ҳам чакки эмас. «Навбаҳор» билан ўйинда ажойиб ҳаракат қилишди. Афсуски, жамоада вазиятларни якунлашда тажриба етишмаслиги кўзга ташланмоқда. Ҳозирда жамоа лигада аутсайдер сифатида сўнгги ўринда бормоқда. 7-турда уларни яна бир қийин ўйин кутмоқда – Тошкентда «Пахтакор» меҳмони бўлишади.
Сергеевнинг юбилей голи
«Нефтчи» - «Пахтакор» ўйинида кўп кўрсаткичлар янгиланди, қайд этилди. Мазкур баҳсда «шерлар»нинг иккинчи голи Игор Сергеев ҳисобига ёзилди. Тажрибали ҳужумчи чемпионатда ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида «Пахтакор»нинг 100-голини урди. Бундан ташқари, Игор «Нефтчи»га фаолиятидаги 7-голини ҳам уришга муваффақ бўлди.
«Чемпион бўламизми?» - Ортиқхўжаев футболчиларни руҳлантирди
«Пахтакор»нинг Фарғонадаги ғалабасидан сўнг Тошкент клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев кийиниш хонасига ташриф буюриб, жамоа аъзоларини руҳлантиргани эътиборга молик.
«Чемпион бўлишга кўзларинг етяптими? Ҳали ҳеч нимани йўқотмадик. Чемпион бўламизми? Бўлади, буни эплай оламиз, йигитлар. Кўзларинг етяптими барчаларингни, бўлди, нимадан қўрқасизлар?!», - деди Ортиқхўжаев.