19.04.2025 17:05
4756
Теглар
«Ўзимизнинг футбол». Ўзбек классикоси олдидан мозийга назар

Бугун Фарғонада «Нефтчи» «Пахтакор»ни қабул қилади, яъни ўзбек классикоси бўлиб ўтади. Бир ўйиннинг классико номини олиш учун бир неча йил чемпионлик учун курашиши кифоя қилмайди, албатта, тарихий асос – унутилмас учрашувлар ҳам керак бўлади. Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган ўйин ҳам айнан шу таърифга тушади, «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйинларни ўзгача мақом олишига сабаб бўлган баҳслардан бири бўлган эди. Бугунги кунда Европада тилга тушган 5:4 ҳисоби ўттиз икки йил аввал Ўзбекистон Олий лигасида мухлисларни жунбушга келтирганини кўпчилик ҳалигача эслайди. 

Ўзбекистон мустақил бўлгач, илк чемпионатлар асосан икки жамоа – «Пахтакор» ва «Нефтчи»нинг етакчилигида бошланди. Дастлабки мавсумда ушбу жамоалар бир хил очко тўплашди. Ўзаро учрашувларда ҳар икки ўйинни фарғоналиклар ўз фойдаларига ҳал қилишганди, тўплар нисбати эса Тошкент жамоасида яхшироқ эди. Кутилмаганда федерация ғалати қарор чиқарди ва ҳар икки жамоани чемпион деб эълон қилиб юборди.

1993 йил, иккинчи мавсум эса ушбу жамоаларнинг ўзига хос қарама қаршилигининг давоми сифатида бошланди. Ушбу рақобат нафақат очколарда, балки ўйин услубида ҳам мавжуд эди, яъни икки хил футбол мактабининг ўзаро баҳси эди.

«Нефтчи» клуби анча тажрибали ва собиқ иттифоқ иккинчи ва биринчи лигасида тобланган футболчилардан ташкил топганди. Жамоанинг асосий қуроли бу тезкор ва жисмоний ўйин, узоқ тўп оширишлар ва стандарт вазиятлардан оқилона фойдаланиш эди. Ҳимоячилар билан бир чизиқда ҳаракат қиладиган тезкор Рустам Дўрмонов доимо рақибни босимда ушлаб турар, Равшан Бозоров эса кўпроқ «ичкаридан» ҳужумларни ташкил қилар, тўпни дарвозага орқа ҳолатда қабул қилиб, кўпроқ узоқ комбинацияларни охирига етказа оларди, шунингдек бош билан яхши ўйнарди. Клуб ҳимоячилари лигада энг кучли саналишарди ва айниқса, сунъий ўйиндан ташқари ҳолатни вужудга келтиришда беназир ҳаракат қилардилар. 1992-йилги мавсумга нисбатан жамоа сезиларли кучайган, жумладан «Темирйўлчи» (Қўқон) дан таклиф этилган Степан Атоян жамоа марказининг ҳақиқий етакчисига айланганди. У ва Сергей Лебедев жамоа ҳужумларини ташкил қилишар ва жарима зарбаларини ҳам голга айлантириш бобида самарали ҳаракат қилишарди. Хуллас, ҳар томонлама етук футболчилардан ташкил топган клуб мавсумни бир текисда бошлади ва пешқадамликни ўз қўлига олди.

«Пахтакор» жамоаси эса мавсумни барқарор ўтказа олмади. Бунинг асосий сабаби клуб янгиланиш жараёнини бошдан кечираётган палла эди. Иттифоқ парчалангач Пятницкий, Қосимов, Денисов, Шквирин каби футболчилар Россия биринчилигида ўйнай бошлашди, Тошкент жамоаси эса асосан ўринбосарлар сафида ҳаракат қилган Кечинов, Ҳасанов, Мақсудов, Назаров, Бугало каби ёш футболчилар асосида ўйинни ташкил қилишганди. Ёш футболчиларнинг илк мавсумда тажрибали «Нефтчи»га қаршилик кўрсата олишгани ҳам мақтовга арзигулик. 1993 йилги мавсумни «Пахтакор» яна бир йўқотиш билан бошлади. Илк чемпионатда энг кўп тўп киритган ва мамлакатнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган 19 ёшли Валерий Кечинов «Спартак» (Москва)га йўл олди. Жамоага янги таклиф этилган Ширшов, Волков, Моргулис каби футболчилар эса тўлиқ жамоага киришиб кета олишмаганди.

«Пахтакор» биринчи давра охирига келибгина ўз ўйинини топиб олди. Сабаби, Миржалол Қосимов жамоага келиб қўшилганди ва майдон марказида мамлакатнинг ўша пайтлардаги биратўла икки энг яхши плеймейкери Ҳасанов-Қосимов тандеми вужудга келди. Жамоанинг сезиларли кучайгани май ойида бўлиб ўтган Жиззахдаги «Пахтакор» – «Нефтчи» ўйинида ҳам ўз аксини топганди. Ўша учрашув ўтган мавсумнинг икки чемпионлари ўртасида кечган ва Осиё Чемпионлари кубогида мамлакат шарафини ҳимоя қилувчи клуб номини аниқлаш учун ўтказилганди. Ўша учрашув тошкентликларнинг яққол устунлигида ўтиб, 3:1 ҳисобида якунланганди.

«Нефтчи»дан фарқли равишда «Пахтакор» ўйини асосан тўпни майдон марказида кўпроқ сақлаб туриш ва қанотлардан тезкор Галиев ва Ивангородскийларнинг фаолликлари асосида қурилганди. Ҳасанов – Қосимов – Шарипов учлиги яримҳимояда ва Магомедов бошчилигидаги ҳимоя тажриба ва маҳорат бобида ҳам «Нефтчи» билан баҳслаша оладиган даражага етди. Яримҳимоянинг чиройли ўйини ва кўп нарсага қодирлиги айниқса, олдинги турларда бўлиб ўтган «Пахтакор» – «Сўғдиёна» ўйинида ҳам ойдинлашганди. Биринчи таймни кутилмаганда 1:3 ҳисобида якунлаган «Пахтакор» иккинчи таймда жуда чиройли ўйин кўрсатган ва ҳисобни тенглаштира олганди.

Чемпионатнинг охирги турларидан бирида бўлиб ўтган «Пахтакор» – «Нефтчи» ўйини кўп нарсага ойдинлик киритиши мумкин эди. Ўртадаги фарқ етти очко эди ва меҳмонлар ғалабаси ёки дуранг натижа фарғоналикларни деярли чемпионга айлантирар, «Пахтакор» ғалабаси эса чемпионлик курашини давом этишига замин яратарди.

Учрашув кутилганидек мезбонларнинг устунлиги остида бошланди. Дуранг ҳам қониқтирадиган фарғоналиклар кўпроқ ўйин суръатини пасайтириш ва қарши ҳужумларга асосланиб ўйинни бошлашди. Ҳисоб тезда очилди. «Пахтакор»нинг чап қанот ҳимоячиси Мурод Алиев кутилмаганда ҳужумга қўшилди ва дарвозабон билан яккама-якка чиқиб, уни доғда қолдирди - 1:0

Голдан кейин ҳам пахтакорчилар ҳужумкорликни давом эттиришди ва рақибдан ҳар томонлама устунлик намойиш эта бошлашди. Биринчи тайм 3:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунлангач, кўпчилик уларнинг ғалабасига шубҳа қилмаётганди. Лекин иккинчи бўлимни «Нефтчи» ҳужумкорлик билан бошлади ва дастлабки 5 дақиқадаёқ Атоян ва Дўрмоновлар икки тўп киритишиб ҳисобни тенглаштиришди.

Энди ҳаммасини яна бошидан бошлаш талаб этиларди ва бу пахтакорчиларга руҳан таъсир қилмай қолмади. Пешқадам ташаббусни ўз қўлига ола бошлади ва кетма-кет ҳавфли ҳужумлар уюштирди. Шундай бўлса-да, дуранг ҳисоб узоқ вақт сақланиб турмади. Фарғоналикларнинг навбатдаги қўполликларидан сўнг, дарвозага қарийб 30-35 метрлар масофадан жарима тўпи белгиланди. Кутилганидек, жарима зарбалар устаси Миржалол Қосимов тўпни керакли нуқтага ўрнатиб, тайёргарлик кўра бошлади. Ўйланган ҳолатмиди ё Қосимовнинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлдими, ишқилиб, тўпга бироз орқароқда турган Фарҳод Магомедов югуриб келиб кучли зарба берди ва ажойиб голнинг муаллифига айланди – 4:3 

Ушбу гол ўйин суръатига ўз таъсирини кўрсатмади, тошкентликлар пешқадамни ҳар жабҳада енгиш орқалигина мухлисларни хурсанд қилишлари мумкинлигини жуда яхши тушунишар ва ҳужумга зўр беришарди. Рақиб эса немис футболини яхшигина ўзлаштириб олган ўзбек клуби эди. «Пахтакор» ҳужумини хотиржам қайтариб турган фарғоналикларнинг ўйин охирига бориб ташаббусни қандай ўз томонларига оғдириб олганликларини кўпчилик сезмай ҳам қолди. Натижа ҳам бўлди ва ҳисоб тенглашди.

Дуранг ҳар томонлама меҳмонларни қониқтирар, тошкентликларни эса чемпионлик пойгасидан чиқариб юбориши аниқ эди. Ҳужумлар ҳавфли тус ола бошлади ва шундай ҳужумларнинг бирида, «Нефтчи» ҳимоячилари чап қанотда, жарима майдонига яқин бўлган ён томонда қўполлик ишлатишди. Зарбани Миржалол Қосимов амалга ошириши аниқ эди ва футболчи бунга тайёргарлик кўра бошлади.

Жаҳон футболи тажрибасида бу нуқтадан тўғридан-тўғри гол киритиш кам учрайди, аммо Қосимов бундай вазиятда ҳам ниҳоятда ҳавфли эди. Жумладан, айнан ўша ўйиндан бироз олдинроқ Тошкентда ўтказилган халқаро турнирда у Голландиянинг НЕК клуби дарвозасини худди шу нуқтадан ишғол қилганди. Айланма зарба узоқ бурчакка берилди ва ўша мавсумда чемпионатнинг энг яхши дарвозабонларидан бири Наримон Осмонов бу зарбани қайтаришда ожиз қолди. Ажойиб гол ва ҳисоб 5:4. Барча Миржалолни табриклай бошлади ва «Пахтакор» чемпионлик учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Ўша мавсумни барқарор якунлаган фарғоналиклар барибир чемпион бўлишди, «Пахтакор» эса кумуш медал билан биргаликда, Ҳасановнинг ягона голи эвазига финалда Наманганнинг «Навбаҳор»ини доғда қолдириб, мамлакат кубоги соҳибига айландилар.

«Нефтчи» келаси мавсумда ҳам кучли таркибини сақлаб қолди ва халқаро майдонларда ҳам ғалаба қозона бошлади. Жумладан, Москвадаги МДҲ кубогида кумуш, Осиё чемпионлар кубогида эса бронза медалларни қўлга киритди. 1994-йилги мавсумни ҳам жамоа мағлубиятсиз ўтказиб, чемпионатда дублга эришди.

«Пахтакор»нинг иши эса тескари кетди. Дастлаб Миржалол Қосимов клубни тарк этди, кейинчалик Нўъмон Ҳасанов ҳам МҲСК га йўл олди. Етакчисиз қолган клубда тез-тез мураббий алмаша бошлади ва 1994-йилги мавсум улар учун омадсиз якунланди. Клуб тарихида ҳозиргача энг ёмон бўлиб турган 8-ўрин ўша мавсумда қайд этилди. Кейин эса Тошкентда футбол маркази МҲСК га кўча бошлади ва пойтахтдан кейинги чемпион айнан армиячилар (1997) бўлди. «Пахтакор» эса 1998 йилга келиб, шоҳсупага чиқди ва бу муваффақият ҳам кўп жиҳати билан яна ўша Миржалол Қосимовнинг мамлакатимизга навбатдаги қайтиши билан боғлиқ.

Ўша юқорида эслаганимиз, Ўзбекистон дербиси ҳаммамизнинг ёдимизда қолди. Шундан сўнг ҳам жуда кўп «Пахтакор» – «Нефтчи» баҳслари ўтган бўлса-да, айнан ўша учрашувни унуттира олмади. Чунки, бу баҳс шиддатли ўтгани билан биргаликда, футболчиларнинг маҳоратларини очиб берганди. Бир-биридан чиройли голлар киритилганди. Мана шу қизиқарли ва шиддатли учрашувда қатнашган саккиз футболчи кейинчалик Ҳиросимада миллий жамоамизнинг шу пайтгача ягона бўлиб турган ғалабасида қатнашгандилар.

Ким билади, балки, бугунги ўйинда қатнашадиган бир нечта футболчи бир ярим ойдан кейин ўзбек футболидаги бошқа бир тарихий натижа – мундиал йўлланмаси қўлга киритиладиган тарихий ўйинга ўз ҳиссасини қўшар...

Олий лига-1993

ПАХТАКОР - НЕФТЧИ - 5:4

03.10.1993. 24 тур.

Ҳакам: В. Мосягин

Голлар: Мурод Алиев, Фарҳод Магомедов, Миржалол Қосимов, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Мақсудов – Абдусамат Дўрмонов, Степан Атоян – 2 та, Рустам Дўрмонов

Пахтакор: Павел Бугало; Мурод Алиев; Фарҳод Магомедов; Миржалол Қосимов; Николай Ширшов; Станислав Маргулис; Нўъмон Ҳасанов; Ёрқин Назаров; Дмитрий Ивангородский (Маҳмуд Собиров, 88); Шуҳрат Мақсудов (Рифат Галиев, 83); Игор Волков (Дилмурод Назаров, 89)

Нефтчи: Наримон Осмонов; Андрей Микляев; Андрей Фёдоров; Эдуард Мамотов; Александр Тихонов; Абдусамад Дўрмонов; Степан Атоян; Сергей Лебедев; Равшан Бозоров; Алберт Цараев (Рустам Абдуллаев, 38); Рустам Дўрмонов

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар