Суперлига 5-тури доирасида «Навбаҳор» ўз майдонида «Шўртан»ни қабул қилди.
Намангандаги учрашувда «Навбаҳор» ўз майдонида мавсумдаги биринчи ғалабасига (2:0) эришди. Сергей Лушан шогирдлари Игор Габриэл ва Аббос Ғуломовнинг голи эвазига очколари сонини 8тага етказиб олди.
Намангандаги учрашув мобайнида стадион сухандони ўйингоҳда 25 250 томошабин ташриф буюрганини эълон қилди. Шу тариқа, бу Суперлига-2025да томошабинлар ташрифи бўйича мавсум рекордига айланди.
Маълумот учун, Намангандаги «Марказий» стадион сиғими 22 минг томошабинга мўлжалланган.
Қайд этиш жоиз, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ташаббуси билан «Навбаҳор» - «Шўртан» ўйинига кириш текин қилиб қўйилганди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача мавсум рекорди 2-турда Андижонда қайд этилганди. «Бобур арена»даги «Андижон» - «Насаф» (1:1) ўйинида 17 минг томошабин ташрифи кузатилганди.