Суперлига 24-тури доирасида Самарқандда ўтган «Сурхон» - «Нефтчи» (0:0) ўйинидан кейин термизликлар бош мураббийи Февзи Давлетов матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугунги баҳсда ғолиб бўлганимизда совринли ўринлар учун курашиш имконияти бўларди. Аммо бундай бўлмади. Дуранг – адолатли натижа. «Нефтчи» бугун яхши ҳимояланди.
- «Сурхон» барқарорлик кўрсатмоқда – ўтган мавсум жамоа 6-ўринни эгаллаганди, жорий мавсум 7-ўринни эгаллаб турибди. Клуб эгалари жамоа фаолиятига қанчалик қизиқиш билдирмоқда? Жамоа натижаси уларни қанчалик қониқтирмоқда?
- Раҳбарият билан доимий алоқадамиз. Кеча ҳам телефон орқали гаплашдик. Бугун ҳам омад тилашди. Ўтган йил 6-ўринда эдик, бу йил буни яхшилашимиз керак. Сўнгги ўйинларда очколарни йўқотиб қўйдик.
- Клуб эгаси Бахтиёр Фозиловнинг қизиқишини назарда тутгандим. Унинг футболга қизиқиши қанчалик? «Сурхон» жамоаси айнан Самарқандда ўйнаётгани жамоа раҳбарларининг шу ердан эканлиги билан боғлиқми?
- Йўқ, ўйингоҳимизда рекорстуркция ишлари олиб борилаётгани сабабли биз Самарқандда ўйнаяпмиз. Умид қиламанки, келаси мавсумдан жамоамиз Термизга тўлиқ кўчади. Бош ҳомиймизнинг футболга қизиқиши катта. У бизга ишонч билдирмоқда.
- Айтмоқчиманки, «Сурхон» жамоасининг асосан Самарқандда экани Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ эмасми?
- Йўқ, ўйингоҳлар тайёр эмаслиги сабабли ПФЛ шундай қарорга келган, улар шу масала билан шуғулланишади. Шу боис биз Самарқандга кўчгандик.
- «Сурхон» клуби Термизга қачон қайтади?
- Келаси йилдан қайтамиз.
- Суперлига якунланишига 2 тур қолди. Натижалардан қанчалик қониқяпсиз?
- Бу мавсум фақатгина кубокда омадимиз келмади. Серияда мағлуб бўлиб, финалга чиқа олмадик.
- «Сурхон» жамоасида молиявий муаммолар борлиги, маошлар берилмаётгани ҳақида эшитгандик...
- Молиявий жиҳатдан муаммо йўқ. Барчаси жойида. Маошларни вақтида оляпмиз, фақат сўнгги ойни энди оламиз, - дея Февзи Давлетовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.