Суперлига 24-тури доирасида Самарқандда бўлиб ўтган «Сурхон» - «Нефтчи» (0:0) учрашувидан кейин Фарғона клуби бош мураббий Виталий Левченко матбуот анжуманида қатнашиб, «Нефтчи»даги келажаги, «Андижон»нинг қизиқиши, ОЧЛга қайтиш истаги ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
- Виталий Григорьевич, сизга келаси мавсумда ўз олдига катта мақсадларни қўйган клублар қизиқаётганидан хабардормиз. Мавсум якунланаётганини инобатга олсак, келаси йил ҳам ўзингизни «Нефтчи»да тасаввур қила оласизми?
- Қизиқ саволлар бераяпсиз. Мен ўз ишимни қилаяпман. Ҳа, қониқаётган одамлар бор, қониқмаётган одамлар бор. Яъни кимларгадир нимадир ёқмоқда, кимларга эса йўқ. Мен ҳамма нарсага тайёрман, чунки бу соҳада мен янги одам эмасман. Ҳар қандай курси ҳам қимирлаб қолади. Нега мен ўрнимдан туриб, гапирмаяпман? Туриб, гапириб, ўрнимга қайтгунча, у жой банд бўлади. Шу боис ўтирибман. Ўтирган ҳолатда жамоани бошқаряпман.
- Ҳар ҳолда бир ой ҳам вақт қолмади мавсум тугашига...
- Ҳа, иккита ўйин қолди. Энди ФИФА кунлари бор. Биз эса чемпионат ўйинларига тайёргарлик кўришда давом этамиз. Келажакка оптимистлардек қараймиз, қўлни тушириш йўқ, олға боришда давом этамиз.
- «Андижон» клубининг сизга қизиқиши ҳақида биламиз. Сиз «Истиқлол Душанбе» билан ОЧЛда муваффақиятли иштирок эта олгансиз. Ҳар ҳолда яна ўша даражага қайтишни истасангиз керак?
- «Истиқлол» Душанбега қайтишними? Дарвоқе, улар ҳам шуни хоҳлашмоқда...
- Йўқ, аниқроғи Осиё Чемпионлар лигасига қайтишни...
- (Кулади). Табиийки, мақсадлар, вазифалар бор, менимча ўз олдига амбицияларга эга исталган спортчи, исталган мураббийда Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаш, қатнашиш учун катта иштиёқ бўлади. Элит лигада бўладими ёки Чемпионлар лигаси-2 бўладими, барибир бу яхши савия, табиийки унда бўлишни истардим. Бугунги кунда у ерда «Нефтчи» билан бирга бўлишни истардим, афсуски ҳаммаси ҳам амалга ошмади.
Усмон Ибодов ёзиб олди.