Кокорин - Мамаев иши ФИФА томонидан назоратга олинди
Oct. 11, 2018, 11:14 a.m. 2900

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев билан боғлиқ можарога изоҳ берди.

«Россиялик футболчилар билан юзага келган можаро алоҳида назорат остига олинди. ФИФА дунё матбуотини диққат билан кузатиб боради, бизда рус тилида сўзлашадиган ходимлар кўп. Улар шунга ўхшаш хабарларни кузатиб боришади», — деб ташкилот матбуот хизмати сўзларини келтирмоқда «Известия».

Одатда ФИФА жиноят иши очилган футболчиларга халқаро турнирларда иштирок этишни чеклаб қўяди.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ҳар иккала футболчи Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси 213-модда (Безорилик) бўйича жиноят иши очди ва футболчиларни 48 соатга ҳибсга олди. Уларнинг ўз айбига иқрор бўлгани айтилди. Ҳар иккала футболчига 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.